Самарқандда Баҳодир Ялангтўшга ҳайкал қўйиш таклиф этилди

Сақлаш
21:54 / 13.07.2022 1311 0

Регистон майдонида Баҳодир Ялангтўшга ҳайкал қўйиш таклиф этилмоқда. Самарқанд давлат университети доценти Эркин Мусурмоновнинг фикрича, Регистон майдонини ҳозирги кўринишга олиб келган бек Баҳодир Ялангтўш шаҳар учун қилган ҳайрли ишлари билан Темурбекдан кейинги ўринни эгаллайди. 
 

"Регистон майдони олдида унинг асосчиси – Баҳодир Ялангтўш ҳайкали қад кўтарса, унинг қиёфасини яратишда албатта Ялангтўшлигига эътибор қаратилса яхши бўларди. Ўзбек ҳукмдори Балх яқинидаги жангда совут-қалқонсиз, очиқ кўкрак билан жанг қилгани учун Ялангтўш оти билан янада машҳур бўлган. Ҳайкалдаги кўкраги очиқ, бир қўли билан шер (Шердордаги шерларга шаъма)ни эзғилаб, бўйсундириб турган қиёфа унга қудрат, ҳеч кимга ўхшамас кўрк бахш этади", деган филология фанлари доктори Эркин Мусурмонов.
 

"Регистонда, Баҳодир Ялангтўш ҳайкали пойида Флоренциядаги Уффици Галереяси (La Galleria degli Uffizi) каби очиқ осмон остида Самарқандни бошқарган ёки унинг тарихида муҳим ўрин тутган шахслар ҳайкаллари аллеяси яратилса, жуда яхши бўларди. Икки томони ҳайкаллар билан безалган йўлак, хиёбон, сайёҳлар оқимига сабаб бўладиган бир маданий оромгоҳга айланарди. Чет эллик меҳмонлар бирваракайига Алп Эр Тўнга (Афросиёб, зардўштийликдан олдинги давр), Александр Македонский (эрамиздан олдинги 356-323 йиллар), Хитой императорига айланган Самарқанд ўғлони Ань Лушан (Алп Арслон 703-757 йиллар),  Самарқанддаги илк мадраса ижодкори Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1070 йиллар), салжуқий ҳукмдор султон Санжар (1118-1157 йиллар), шоир ва мутафаккир Аҳмад Югнакий (XII-XIII аср), деярли кимсасиз, ёввойи ҳайвонлар макон қилган Самарқандга турли жойлардан одамларни кўчириб, унга қайта жон ато қилган Самарқанд беги Шоҳмурод ибн Дониёл (1720-1785 йиллар) каби улуғлар билан кўргазмали, товушли тарзда танишиб кетар эди. 

 

Бу буюкларнинг ҳеч бирига алоҳида ҳайкаллар ўрнатилмаган. Аллеянинг алоҳида бир қисмини совет ва мустақиллик давридаги вилоят ҳокимлари бюстлари эгалласа ҳам яхши бўларди",  деган у.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//