Маданият
Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳридаги Чиғатой қабристонида “Яхшилик чироғи ўчмагай” шиори остида ҳашар ташкил этди.
Маърифий акцияда Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ходимлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Чиғатой” МФЙ фаоллари ва ёшлар қатнашди.
– Элимизнинг энг суюкли байрамларидан бўлган Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Улуғ айём кунлари арафасида кўча-кўйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш миллий қадриятимизга айланган, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо. – Яна қабристон ва қадамжоларни ҳам саришталаб, ўтганлар руҳига дуо ўқишдек гўзал одатларимиз бор. Қурбон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам эзгулик, инсонпарварлик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари фазилатларни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида “Яхшилик чироғи ўчмагай” шиори остида ҳашар ўтказмоқдамиз.
Маърифий акция иштирокчилари қабристон ҳудудини ёввойи ўтлардан тозалаб, анвойи гуллар экишди, дарахт ва буталарни суғоришди, йўлакларни супириб-сидиришди. Ўтганлар руҳини шод этай десанг, масканини обод қил, дея барча ишларга ёши улуғ отахонлар бош-қош бўлиб турди.
Қуръон тиловат қилиниб, савоби ўтганлар руҳига бағишланди. Аллоҳ таоло улуғ айём барокати билан юртимизни тинч-осойишта сақлаб, хонадонларимизга файз-барака ёғдириб, халқимиз меҳр-оқибатини янада зиёда айлаши сўралиб, дуолар қилинди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ