Маданият
Тошкент шаҳар, Яшнабод туман, "Ибрат" МФЙ, Ифтихор кўчасида жойлашган «Чангаллик» қабристонида археологик кузатув-қидирув ишлари олиб бориш жараёнида тепаликдан IХ-Х асрларга оид бўлган сирланмаган, аммо қора бўёқ оқизиб ва тирнаб безак берилган сопол идиш намуналари, 20х20х3-35 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси хабар берди.
Чирчиқ дарёсининг ўнг томонида, дарё ўзанидан 220 метр узоқликдаги ушбу қабристон шимоли-шарқдан жануби-ғарбга чўзилган. Унинг узунлиги 390, кенглигининг қисқа жойлари – 75, энг кенг жойи эса 125 метргачани ташкил қилади. Бу қабристоннинг ўртасида ён-атрофлардаги текисликдан баландлиги 2 метр, катталиги 0.44 гектар келадиган тўртбурчак шаклдаги тепалик ажралиб туради. Бу тепалик кўздан кечирилганда унинг археологик ёдгорлик ўрни эканлиги аниқ бўлди. Тепалик сиртидан IХ-Х асрларга оид бўлган сирланмаган, аммо қора бўёқ оқизиб ва тирнаб безак берилган сопол идиш намуналари, 20х20х3-35 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар топилди.
Ўрганилган тепалик эскидан қабристонга айлантирилган бўлиб, унинг бутун майдонини кичик-кичик дўнглик ва чуқурчалар эгаллаган. Бу нотекисликларни кўздан кечириш жараёнида улардан бирининг устига мармартошдан узун қилиб йўниб, ёнига араб ҳарфларида ёзувлар ўйиб ёзилган ёдгорлик – қабртоши қўйилганлигига дуч келинди. Бу қабр тош ундаги ёзувларга қараганда 1317 йили вафот этган шахсга атаб қўйилган.
Бу қабр тошдан ташқари яна икки дона шунга ўхшаш қабртошлар қабристоннинг алоҳида жойга олиб бориб қўйилган экан. Улардан бирига 1295, иккинчисига 1313 сони ёзилган. Қабр тошлардаги йиллар ҳижрий-қамарий йил ҳисобида ёзилган бўлиб, улар милодий ХIХ асрнинг IV-чорагига тўғри келади.
Булардан ташқари, қабристон қоровулининг қабрларни суваш учун келтирилган тупроқ орасидан чиққан ва анча пайтдан буён асраб-авайлаб сақлаб келинаётган кўзача ҳам давлат музейларига топшириш учун олинди.
Юқоридагилар «Чангаллик» қабристонининг археологик ёдгорлик эканлигини, унинг IХ-Х асрларда қишлоқ ўрни бўлганлигини, XIX асрдан бошлаб қабристон вазифасини ўтаб келаётганлигини кўрсатмоқда.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ