Бокуда VII халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўтказилмоқда

Сақлаш
15:02 / 07.10.2021 1299 0

 Кеча, 6 октябрьда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида VII Боку халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тадбирда иштирок этаётган турли мамлакатлардан 200га яқин нашриёт, матбаа корхоналари, китоб дўконлари ҳамда маданий марказлар қаторида Ўзбекистон ноширлари ҳам қатнашмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон» НМИУ, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, «Ниҳол», «Замин нашр», «Ҳилол нашр» каби нашриётлар томонидан чоп этилган турли йўналишдаги нашрлар кўргазма-ярмаркада намойиш этилмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — дунё ноширлари билан ўзаро тажриба алмашиш, ноширлик-матбаа ҳамда китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда халқаро ноширлик соҳасининг сўнгги ютуқлари, замонавий технологияларнинг жорий этилиши ва эришилган натижалар билан яқиндан танишиш. 

Тадбир доирасида Ўзбекистон элчихонаси шафеълигида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва М.Ахундов номидаги Озарбайжон миллий кутубхонаси ўртасида Ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши маросими ташкил этилади.

Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 10 октябрга қадар давом этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//