Ёш ёзувчилар ҳикояларини жамлаган китоб нашр қилинди

Сақлаш
23:07 / 04.07.2022 914 1

Куни кеча Ёшлар пресс клуби биносида ёш ёзувчилар ҳикояларидан иборат “Орзу ва денгиз” ҳамда Иқбол Мирзонинг “Бону” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, ноширлар ва китобхонлар иштирок этди.

 

“Factor books” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоблар ҳақида адабиётшунос олим Сувон Мели, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳиддин Омон, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чори, журналист ва ёзувчи Холиёр Сафаров, адиба Гўзалой Солиҳ сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, ёзувчилар сафида аёл-қизларнинг кўпайиб бораётгани, тўпламдан 14 нафар адибанинг ҳикоялари ўрин олгани қувонарли ҳол экани таъкидланди.

 

 

Шундан сўнг “Орзу ва денгиз” китобидан ўрин олган 41 муаллиф саҳнага таклиф қилинди ва ташаккурнома билан тақдирланди. Тадбир давомида китобхонлар иштирокида қизиқарли ўйинлар ҳам ташкил қилинди.

 

 

– Китобга менинг ҳикоям номи сарлавҳа қилиб олинганидан хурсанд бўлдим, –  дейди адиба Рахшона Аҳмедова. – Тақдимотга қатнашиш учун Кореядан етиб келдим. Республиканинг турли ҳудудларидан келган ижодкор дўстлар билан фикр алмашдик. Ўйлайманки, ёш ёзувчиларнинг ҳикоялари китобхонларга маъқул келади.

 

 

Тақдимот давомида “ИКАР” лойиҳаси ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Ўзбекистон халқ шоирлари – Усмон Азим ва Хуршид Даврон, халқ ёзувчилари – Мурод Муҳаммад Дўст ва Эркин Аъзамнинг китоблари тез кунларда нашр этилиши, танловда китобхонлар фаол иштирок этиб автомобил ютиб олишлари мумкинлиги эълон қилинди.

 

 

Бундан ташқари, “Орзу ва денгиз” китобидаги ҳикоялар ўқувчилар томонидан баҳоланиб борилади, сентябр ойида энг кўп балл тўплаган уч нафар муаллиф нашриётнинг махсус совғасига эга бўлади.

 

 

 

 

 

1 Изоҳ

Дилфуза Қосимова

06:01 / 01.01.1970

Тақдимотда қатнашдим. Ёруғ лаҳзаларнинг шуъласи қалбимни ёритди. Бу ёруғлик "Орзу ва денгиз" аталмиш сирли оламдан келди. Менинг ҳамкўнглим "Орзу ва денгиз" оламида яшаш умиди уйғонди. Шу мақсадда тадбир давомида ўтказилган виеторинада қатнашдим. Буни ўзимнинг бахт саҳифаларимга муҳрладим. Барчани табриклайммн.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси