Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги ҳақида хабар тарқалди

Сақлаш
19:07 / 04.07.2022 828 0

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Идоранинг маълум қилишича, мазкур хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга мос келмайди.

 

Таъкидланишича, тармоқларда бундан бир йил аввал пандемия даврида — 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумот қайта тарқатилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган.

 

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичларида ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин оммавий тадбирларни чеклаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилингани йўқ.

 

Маълумот учун, 2022 йил 1 июль куни Президент ‘Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида’ги қарорни имзолади. Унга кўра, жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль — шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор инобатга олиниб, мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланди.

 

Қурбон ҳайити намозини ўқиш юзасидан бирор ўзгариш бўладиган бўлса, расмий нашрларда эълон қилинишини билдирамиз. Мўмин-мусулмонлардан асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай хабарларни тарқатмасликни илтимос қиламиз. Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз», дейилган муносабатда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси