Ватанга бўлган садоқат муқаддасдир – сенатор Минҳожиддин Мирзо конституциявий ислоҳотлар ҳақида

Сақлаш
06:03 / 02.07.2022 1131 0

Бугун Республика Маънавият ва маърифат марказида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

 

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти, шунингдек, видеоконференция тарзида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туман бўлинмалари ходимлари, маънавий-маърифий ишларга масъул идоралар вакиллари қатнашди.

 

 

Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг Ватанимизни янги босқичда ривожлантиришдаги роли, жамиятимизда инсон қадрини улуғлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

 

Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра “инсон–жамият–давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгани қайд этилди.

 

 

Ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақоми ва экологик муҳофаза, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратиш каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишни ҳам қамраб олган.

 

– Бош қомусимизга миллий ўзлигимиз, бебаҳо қадриятларимиз янада чуқур сингдириляпти. Жумладан, 49-модда “Тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий меросининг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида ғамхўрлик қилади” деган мазмун билан бойитилмоқда. 52-моддага “Ватанга бўлган садоқат муқаддасдир” деган сўзлар муҳрлаб қўйиляпти. 65-моддада эса давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда, – деди сенатор Минҳожиддин Мирзо.

 

Конституциявий ислоҳотларнинг кенг омма муҳокамасига қўйилиши ва халқнинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда референдум орқали қабул қилиш таклиф этилгани ҳар бир юртдошимизни Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларига бефарқ бўлмасликка чорлаши шубҳасиз.

 

Тадбирда таъкидланганидек, янги Ўзбекистоннинг эртанги ёруғ келажаги сизу бизнинг конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнидаги фаол иштирокимизга боғлиқлигини тўла англаб, ҳар биримиз ушбу ҳужжатни меники, Менинг Конституциям дейишимиз, унда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизни, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолар ечимини кўришимиз муҳим.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//