Яна бир санъаткор муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Сақлаш
21:13 / 24.06.2022 1010 0

Фарғоналик шоир Эркин Йўлдош ўзининг «Уйланамиз» шеърини хонанда Миродил Ҳакимов ҳеч қандай рухсат ва огоҳлантиришсиз қўшиқ қилиб, 25 йилдан бери ижро этиб келаётгани ва шеър матнини ўзгартиргани учун судга берди. Бу ҳақида Андижон вилояти адлия бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди. 

 

Таъкидланишича, шу йилнинг 25 май куни Эркин Дорипов вилоят адлия бошқармасига мурожаат этиб, унга тегишли бўлган «Уйланамиз» шеърини Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Миродил Ҳакимов муаллиф рухсатисиз қўшиқ қилиб куйлаб келаётгани бўйича шикоят қилган. 

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон туман судига баённома киритилган.

 

Натижада суд хонанда М. Ҳакимовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

 

Кейинги пайтда жамиятимизда интеллектуал мулк, муаллифлик ҳуқуқи масалалари долзарблашмоқда.  «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонун  бузилишига доир шикоятлар кўпаймоқда.

 

Қайд этиш лозим, қонунда асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирор бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

 

Қонуннинг 62-моддасига кўра, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади.



Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санжар Жавбердиев Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг розилигисиз «Карвон» шеъри матнидан ноқонуний фойдалангани Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг саъй-ҳаракатлари натижасида судда ўз тасдиғини топиб, қарийб 100 миллион сўм жаримага тортилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//