Ўзбек ёзувчи-шоирларининг ижод уйи пул топиш манбаига айлантириляптими?

Сақлаш
21:40 / 16.06.2022 1205 1

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли “Дўрмон” ижод уйи бўйича норозилик мурожаати тарқалмоқда. Айтилишича, ижод уйидан спортчи ва бошқа жамоалар меҳмонхона сифатида фойдаланишмоқда, боғда ижодкорлар учун экилган мевалар чет элга экспорт қилинмоқда. Шунга қарамай, ёзувчи-шоирлар учун имтиёзли нархлар деярли икки баробарга кўтарилган. Шунингдек, яқин ойларда ҳудудда футбол стадиони қурилиб, “Локоматив” футбол жамоасига ижарага берилиши айтилмоқда.

 

Меҳмонхонада ижодкорлар учун имтиёзли хоналарнинг энг арзони 30 мингдан биратўла 58 мингга оширилгани (люкс хоналарни айтмаса ҳам бўлади), ижод уйи ҳудудидаги коттежларнинг ижара пули 920 мингдан 1 млн 840 мингга кўтарилгани ва шартномаси бир йилдан ошганлар эса 3 млн 680 минг сўмдан  (коммунал тўловлардан ташқари) тўлаш мажбурияти қўйилгани ижодкорларнинг иззат нафсига тегмоқда.

 

“Хўш, нархлар нима сабабдан бирданига бунчалик кўтарилиб кетди? Биринчидан, меҳмонхонага ҳар ой юзлаб меҳмонлар келмоқда ва улар мўмайгина пул тўлаяпти, энди ижодкорлардан тушадиган тушум раҳбариятни қониқтирмай қўйди. Иккинчидан, бу ерни ижодкорлар келиб дам олиб ижод қиладиган маскан эмас, балки уюшма ҳисобини тўлдирадиган фабрикага айлантириш мақсадлаштирилган. Яъни, бу ерга аста-секин фақат пули борлар кела бошлайди, пули йўқлар эса кўчада қолиб ўлиб кетишса ҳам, уюшма раҳбариятига фарқи йўқ. Учинчидан, ижод уйи ҳудудидаги ҳамма нарса, ҳатто ижодкорлар учун қурилган бассейнлар ҳам пулли бўлди”, дейилади мурожаатда.

 

Инсайдерларнинг маълум қилишича, “Дўрмон” ижод уйини сақлаш харажатларига 2022 йил учун 2 млрд 300 млн ажратилиши кўзда тутилган. Мурожаат юзасидан Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати билан боғланганимизда тез орада расмий муносабат билдирилиши айтилди.

1 Изоҳ

Собит

12:01 / 01.01.1970

Агарки шу жойлар хам соққа қилинадиган конвейрга айлантирилган экан, бошқа жойлар ҳақида гапириб ўтиришни хожати йўқ...

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//