Биринчи коронавирус пандемияси 130 йил олдин Бухородан тарқалган – хорижий ОАВ

Сақлаш
06:39 / 16.06.2022 1797 0

Биринчи коронавирус пандемияси бундан 130 йил аввал бутун сайёрани чирмаб олган эди, деб хабар беради РИА “Новости”.

 

1889 йилдан 1892 йилгача шиддат билан давом этган номаълум юқумли касаллик тўғрисидаги ҳужжатларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқда. 1889 йил май ойида Бухорода одамлар касалланиб тез нобуд бўлаётгани кузатилди. Бунда умумий ҳолсизланиш тезда зотилжам (пневмония)га айланиб кета бошлади. Айрим беморлар ғалати симптом: ҳид ва таъм билиш ҳиссини йўқотганини айтишди. Бир неча ой ўтиб касаллик бутун Туркистон ҳудудига ёйилди. Айрим жойларда аҳолининг учдан икки қисми ўлгани кузатилди. Касалликдан айниқса, кексалар ва сурункали хасталиги борлар кўпроқ жабр кўрди.

 

Ноябрь ойига келиб “Осиё гриппи” (Россияда бу касаллик шундай номланди) ғарбда Санкт Петербург ва Киевга, шарқда эса Сахалингача етиб борди. Вирус фавқулодда тезкор тарқаларди. Ноябрь ойининг ўзидаёқ инфекция Швеция, Норвегия, Дания ва Германияни забт этди. Пандемия декабрда Италия, Франция, Испания, Буюк Британия ва Ирландияни чирмаб олди. Буюк Британияда қироллик хонадонидан тортиб оддий деҳқонларгача бу касалликни бошидан ўтказди. Америка қитъасида касаллик илк марта 18 декабрда қайд этилди. 1890 йил баҳорида тарихдаги биринчи пандемия тўлқини Жанубий Африка, Ҳиндистон, Япония, Хитой, Австралия ва Янги Зеландия мамлакатларига етиб борди.

 

Пандемия ёйилган мамлакатларда карантин чоралари кўрилди. Хусусан, завод, фабрикалар, мактаб ҳамда университетлар ёпилди. Пандемиянинг биринчи тўлқини пасайиб, кейин иккинчи тўлқини бошланди. 1891-1892 йил қишида юз берган пандемиянинг учинчи тўлқини айниқса, шиддатли ва шафқатсиз кечди. Касаллик минг-минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритди. Шундан кейин пандемия аста-секин пасая бошлади ва 1895 йилга келиб тугади.

 

АҚШ шарқий қирғоқларида касаллик тарқалиши тўғрисидаги ҳужжатларни ўрганган Виржиния политехника университети тарихчи Томас Эвинг касалликнинг қандай кечганини қуйидгича тасвирлайди: “Коннектикут штатида 1890 йил январда 1648 та ўлим қайд этилган. Бу аввалги одатдаги йиллардагидан 85 фоиз кўп демакдир. Инфекция қурбонларининг аксарияти қариялар эди”.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//