Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмаси ривожлантирилади

Сақлаш
22:22 / 13.06.2022 832 0

Туризм ва маданий мерос вазирлиги «Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

 

Ҳужжат лойиҳасига кўра, қуйидагилар Ўзбекистонда тўсиқсиз туризмни ривожлантириш ва қулай шарт-шароитлар яратишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда:

 

– туризм намойиши объектлари инфратузилмаси, биринчи навбатда маданий мерос объектлари, зиёрат объектлари, музейлар, театрлар ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шарт-шароитлар яратиш;

 

– туризм соҳаси субъектлари, шу жумладан, туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари ҳамда транспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга саёҳат давомида ҳамроҳлик қилувчи фуқароларни рағбатлантириш;

 

– ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз туризмни амалга оширишлари учун яратилган имкониятларни тизимли ҳамда фаол тарғибот кампанияларини ташкил этиш орқали улар хабардорлигини ошириш;

 

– замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм намойиши объектларида кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш;

 

– нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, фуқаролар ва ҳомийлар хайриялари ҳамда хорижий ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилиш тизимини такомиллаштириш орқали тўсиқсиз туризмни амалга ошириш.

 

Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб республика ҳудудларида қуйидаги босқичларда «Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастури» амалга оширилади:

 

  • 2023 йилда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари;
  • 2024 йилда Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари;
  • 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари;
  • 2026 йилда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятлари;
  • Ўзбекистоннинг давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари ва грвнтлар «Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастури»ни молиялаштириш манбалари ҳисобланади;
  • 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни амалга оширишга оид давлат дастурида республика ҳудудларида «Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастури»ни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади.

 

2023 йил 1 январдан бошлаб:

 

– маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 2 фоизи ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларига ҳар қандай шикаст етказишнинг олдини олган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ўрнатишга йўналтирилади;

 

– «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонга асосан давлат бюджетидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағларнинг 5 фоизи:

 

– республиканинг тўсиқсиз туризм салоҳиятини (видео, фото ва тарқатма материаллар тайёрлаш) ОАВ, ижтимоий тармоқларда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун инфотурлар ташкил қилиш;

 

– халқаро ва хорижий туризм кўргазма, ярмаркаларда республикада тўсиқсиз туризм йўналишида мамлакатнинг салоҳиятини намойиш қилувчи тарғибот ва тарқатма материаллар тайёрлаш;

 

– «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида «Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм» экспозициясини ташкил этиш ва ўтказиш учун йўналтирилади.

 

Бундан ташқари, қарор лойиҳасига мувофиқ, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида «Туризм», «Гид ҳамроҳлиги» ҳамда «Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш» таълим йўналишлари бўйича давлат буюртмаси параметрларининг 1 фоизи миқдорида давлат грантларига квоталар ажратиш тизими жорий қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//