Ўзбек китобхонларининг севимли адиби

Сақлаш
20:05 / 11.06.2022 990 0

“... Бокуга қайтгандан сўнг Анар муаллим каттагина мақола ёзди. “525-газет” нашрида эълон қилинган “Ўзбекистондаги унутилмас лаҳзалар” сарлавҳали мақолада мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар, хусусан, ёзувчи-шоирларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида батафсил ҳикоя қилган.” Ушбу парча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида тақдимоти бўлиб ўтган Озарбойжон халқ ёзувчиси Анарнинг “Албатта учрашамиз” номли китобидан олинди. Уни таниқли ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов аслиятдан ўгирган.

 

 

Тадбирда юртимизда фаолият юритаётган Озарбойжон дипломатик корпуси вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллари, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари, таниқли шоир-адиблар, адабиётшунос олимлар, шунингдек, жамоат арбоблари, фахрийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

 

Маълумки, Анар ўзбек адабиётининг содиқ дўстидир. 2018 йил 7-8 август кунлари Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференцияда 20 дан зиёд мамлакатдан ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар ва таржимонлар иштирок этган эди. Улар орасида Озарбойжон халқ ёзувчиси, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анар ҳам бор эди ва у мазкур анжуманда ажойиб маъруза қилганди.

 

Анарнинг ижодий тажрибасидан: “Гоҳида фикр тезлигига қўл ҳаракати етолмай қолади. Баъзан фикр ёпирилиб келади, уни қоғозга туширишга улгурмай қолади киши ва оқибатда айрим фикрлар йўқолиб қолади. Шунинг учун баъзи ҳолларда диктовкани ишга соламан, яъни диктофонга гапираман. Бундай ҳол кўпроқ тунда, чироқ ёқиб ёзиб ўтирмаслик учун қилинади. “Тунги ўйлар” асосан шу тахлит ёзилган.”

 

 

Дарҳақиқат, моҳир адиб Анарни ўзбек китобхонлари яхши танийди. Унинг кучли сатира, ўткир юмор ва тагдор кинояларга бой кўплаб асарлари ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган. Ушбу китобдан эса, адибнинг турли йилларда ёзилган ва ўқувчиларга яхши таниш “Дантенинг юбилейи”, “Оқ қўчқор, қора қўчқор” сарлавҳали қиссалари ва “Эски йилнинг сўнгги кечаси”, “Грузинча фамилия”, “Албатта учрашамиз” сингари туркум ҳикоялари жой олган. Бу тўплам барча ёшдаги китобхонларга қизиқарли ҳамроҳ бўла олади. Чунки Анарнинг асарлари илгаридан шундай бўлган.

 

Сафар ОЛЛОЁР

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//