Халқаро анжуманга 20 га яқин нуфузли меҳмон келиши кутилмоқда

Сақлаш
16:09 / 21.09.2021 1248 0

Шу йилнинг 28–30 сентябр кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилиши мўлжалланган.

Тадбир Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган мақсад жаҳон олимлари ва ижодкорларини Амир Темур сиймоси билан яқиндан таништириш, юртимиз ва хорижда Темурийлар даври тўғрисида илмий тадқиқот қилаётган тадқиқотчиларга амалий ва назарий кўмаклашишдан иборат.

Анжуманнинг биринчи куни пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкалига гул қўйиш маросими билан бошланади. Сўнг Темурийлар музейи ва Янги Ўзбекистон боғига саёҳат уюштирилади.

Иккинчи куни Шаҳрисабз шаҳрида хорижий ва маҳаллий олимлар, ёзувчи ва журналистлар иштирокида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда Франция, Германия, Туркия, Миср, Покистон, Эрон, Россия, Озарбойжон каби 13 мамлакатдан 22 нафар нуфузли меҳмон қатнашиши кутилмоқда.

Учинчи кун эса Шаҳрисабздаги тарихий-маданий масканлар ва Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Регистон майдони зиёрат қилинади.

Ҳозирда халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари қизғин кетмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//