Маҳаллада янги кутубхона очилди

Сақлаш
22:37 / 03.06.2022 1277 0

Олмазор туманидаги “Қорасарой” маҳалла фуқаролар йиғинида бунёд этилган янги кутубхона очилишига бағишлаб, “Китоб ва китобхонлик – инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида маданий-маърифий кеча ташкил этилди. Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

 

 

Унда олимлар, зиёлилар, болалар ёзувчилари, шоирлар, эл суйган санъаткорлар, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор, ёшларни китобга меҳрини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтиб, бунга ёшларимиз ҳам муносиб жавоб қайтараётганликларини эътироф этишди.

 

 

Жумладан, педагогика фанлари доктори, профессор, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Ойниса Мусурманова маҳаллаларда бунёд этилаётган маърифат ўчоқлари-кутубхоналар аҳоли маънавий оламини янада бойитишга, фарзандларимизни эзгу ғоялар асосида, китобга меҳрли этиб тарбиялашда яқиндан кўмак беришини эътироф этди ҳамда илмий, бадиий, шу билан бирга тарбиявий аҳамиятга эга бўлган 10 дан ортиқ турдаги китоблар жамланмасини кутубхонага совға қилди.

 

 

Тадбир баҳонасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан мазкур кўркам ва замонавий кутубхона фондига юзга яқин номдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат қарийб 1000 нусха бадиий китоблар совға қилинди.

 

Маданий-маърифий тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, педагогика фанлари доктори, профессор Зуҳра Исмоилова, педагогика фанлари номзоди, доцент Мусаллам Абдужабборова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоев, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри Расулхон Қодирхонов ва Бахтиёр Аҳмедов, кино актрисаси Ойдин Абдураҳмонова, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандалари Адолат Исмоилова ҳамда Рустам Мирминов, Ўзбекистон давлат Сатира театри актёри Шерзод Боймуродов иштирок этди. Уларнинг чиқишлари маданий-маърифий тадбирга кўтаринки кайфият бахш этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражаб эса ўз ижодидан намуналар ўқиб берди.

 

 

– Маҳалламизда 1160 та хонадонда 7 607 нафар аҳоли вакиллари истиқомат қилади, – дейди маҳалла фаоли Нигора Холматова. – Шундан 2000 нафардан ортиғи 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Шу маҳалланинг бир вакили сифатида биз яшаётган гўшада кутубхона ташкил этилганидан жуда хурсандман. Энди фарзандларимиз бўш вақтларини унумли ўтказиб, фойдали машғулот билан банд бўлишади.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Олмазор туманидаги ўтказилиши белгиланган бу каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари жорий йилнинг якунига 12 та йўналиш бўйича ташкил этилади. Шунингдек, 33 та турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар доирасида 20 000 нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинади. Туманда ташкил этилаётган ҳар бир тадбир давомида аҳоли кайфиятини кўтариш, ҳудудда ижтимоий-маънавий ҳолатни янада яхшилаш, ёшларни миллий қадриятлар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//