Аёл турмуш ўртоғига ўз жигаридан берди

Сақлаш
08:15 / 18.09.2021 928 0

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари томонидан яна бир ортотопик жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли амалга оширилди. Операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган бўлишига қарамасдан, барча жараёнлар ижобий якунланган. Ҳозирги пайтда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, донор эса палатага ўтказилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, шу йилнинг август ойида ўтказилган операциядан сўнг марказ мутахассислари томонидан жигарида патологик ўзгаришлари бўлган кўп сонли беморларга турли маслаҳатлар берилган. Тирик донордан жигарнинг бир қисмини кўчириб ўтказиш амалиёти учун ана шу беморлар ичидан энг оғир аҳволдагиси танлаб олинганди.

Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Ўктам Aҳмедовга аёли, 28 ёшли Фарангиз Аҳмедованинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди.

– Кўз олдингда турмуш ўртоғингнинг касалликдан сўлиб бораётганини, бундан фарзандларинг ҳам эзилаётганини кўриш аёл киши учун жуда оғир, — дейди донор Фарангиз Аҳмедова. — Беш йилдирки, турмуш ўртоғим жигар хасталигидан азият чекади. Шу вақтгача жуда кўплаб шифохоналарда даволаниб, турли муолажалар олди, лекин фойдаси бўлмади. Сўнг шифокорлар турмуш ўртоғимнинг касалликдан тўлиқ соғайиб кетиши учун жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтишди. Атрофдаги кўпчилик бунинг учун Ҳиндистонга бориш кераклигини ва амалиёт анча қиммат эканини айтди. Бундан тушкунликка тушгандик. Кейин эса мана шу шифохонада бундай амалиёт ўтказиш йўлга қўйилганидан, дастлаб бундай операцияни бошдан ўтказган беморларнинг аҳволи жуда яхши эканидан хабар топдик. Шифохонага ордер орқали келганимиз учун маблағ масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ушбу муассасада турмуш ўртоғимга жигаримнинг бир бўлагини кўчириб ўтказишди. Операциядан яхши чиқдик. Ҳозирда турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам аҳволимиз яхши. Ўзим юряпман, овқатланяпман.

Турмуш ўртоғимни ҳам бир-икки кунда палатага олишар экан. Шифокорлар жуда яхши қарашяпти. Фурсатдан фойдаланиб, уларга кўпдан кўп раҳмат айтаман. Насиб бўлса, яқинда турмуш ўртоғим билан биргаликда оиламизга, 3 нафар қизимизнинг олдига қайтамиз.

Таъкидлаш керакки, бу — юртимизда амалга оширилган ўнинчи, ўзбек шифокорлари томонидан мустақил равишда ўтказилган иккинчи ортотопик жигар трансплантацияси амалиётидир.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//