Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган адабий тур ва анжуман ўтказилди

Сақлаш
19:32 / 31.05.2022 938 0

Кеча, 30 май куни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира куни бўлиб ўтди. Дастлаб Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар, адибнинг оила аъзолари, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, шеърият мухлислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари “Чиғатой” қабристонида бўлиб, шоир қабрини зиёрат қилди.

  

 

Шундан сўнг адабий пресс тур қатнашчилари Тошкентнинг Ҳувайдо маҳалласида бўлиб, Эркин Воҳидов 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадонни кўздан кечирдилар.

 

 

Меҳмонлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган Эркин Воҳидов музейи билан ҳам яқиндан танишдилар.  Шунингдек, Aдиблар хиёбонини саёҳат қилиб, Алишер Навоий ва Эркин Воҳидов ҳайкаллари пойига гул қўйишди.

  

 

Куннинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Буюк юртга энди даҳолар керак” шиори остида адабий анжуман ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ҳуқуқшунос олим Акмал Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон сўзга чиқиб, устоз шоир Эркин Воҳидовни илиқ сўзлар билан хотирлади. Шунингдек, тадбирда ижод мактабининг иқтидорли ўқувчилари ўз шеърлари ва қилган таржималаридан айтиб бердилар. Йиғилганларга Эркин Воҳидовнинг еттинчи ва саккизинчи сайланма китоблари совға қилинди.   

 

 

Сўнг “Сеҳрли шаҳарча” боғининг ёзги амфитеатрида Эркин Воҳидов шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан иборат “Назм ва наво” кечаси ўтказилди.  

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//