Мукофот жамғармаси жами 500 миллион сўмли "Дуэл" танловида ғолиблар аниқланди

Сақлаш
16:57 / 17.09.2021 1089 0

Кеча Адиблар хиёбонида Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ўтказилган “Дуэл” республика танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унга қадар ёш ижодкорлар вилоятлар бўйича сараланган эди. Финалга чиққан иштирокчилар назм, наср, таржима, тасвирий санъат йўналишлари бўйича беллашдилар. Уларнинг ижодий ишларини Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Усмон Азим, Азиз Саид, Одил Икром, Ортиқали Қозоқов каби ҳакамлар баҳолаб боришди.  

Наср йўналиши бўйича 1-ўринга Шавкат Дўстмуҳаммад, 2-ўрин Фирдавс Шокировга насиб қилди ва истисно тарзида 3-ўрин Наврўза Муҳаммадхўжаевага берилди.

Назм йўналишида 1-ўринга Шаҳриёр Шавкат муносиб кўрилган бўлса, 2-ўрин Суҳроб Зиёга насиб этди.

Таржима йўналишининг 1-ўрин соҳиби Алишер Сабрий бўлди ва Шоҳруҳ Усмонов 2-ўрин билан тақдирланди.

Тасвирий санъат йўналиши бўйича ёш рассомлар Улуғбек 1-ўринга, Ўктам 2-ўринга лойиқ кўрилди. 

Биринчи марта ҳаётимда танловнинг сараланиши зўр бўлганини кўрдим. Кеча 19 нафаридан 4 нафарини танлаб олишга жуда қийналдик. Суҳроб Зиёни билардим, Кумушни билмасдим. Унга кеча бирор китоби чиқса, сўз боши ёзишга сўз бердим. Мен барча танловларда нуқул 2-ўринни олардим. Мен доим иккинчилар билан биргаман”, дейди шоир Усмон Азим.

Мурод Муҳаммад Дўст ҳам ўз ўрнида “Ёзувчилик — бу қора меҳнат. Ўйлайманки, шеър ёзмай қўйган шоирлар ҳам биз томонга ўтиб кетишади”, деб мулоҳазаларини билдирди.

Дуэлни жонли кузатгани кўплаб ижодкорлар, журналистлар ва китобхонлар келишди, улар "facebook" тармоғида фикрларини ўртоқлашдилар.  

Кеча оқшом “Дуэл”га бордик. Қай бармоғимни тишласам оғрийдиган кун бўлди – финалчиларнинг бири укам, бири синглим, бирлари ижтимоий тармоқларда кузатиб ижодига дил кетганларим. “Дуэл” шеърда бошланиб шеър билан якунланганидек, назмдан бошласам.Бир илтимос – танлов низоми қатъийроқ кўриб чиқилса. Шаҳриёр ва Суҳробнинг алишиб шеър ўқиш жараёнини назарда тутяпман. Ҳар ким ўзича ёки йўл-йўлакай қоида ясамагани яхши. Ҳатто қонли дуэлда ҳам тартиблар бўлган-ку, шундай эмасми? Иштирокчилар ҳам унга сўзсиз бўйсунган. Демоқчиманки, ҳар бир ижодкор “ўз қуролидан ўқ узсин”. Тўғри, Шаҳриёр рақибининг шеърини ўзиникидан-да баланд пардаларда ўқиди. Аммо ёш шоир (Суҳробнинг) демоқчилари ўтган йили шу шеърни ўзи ўқиганчалик пардага чиқмай қолди.

Бадиий таржима йўналишида Алишер Сабрий ва Шоҳруҳ Усмонов дуэли ҳам ўзига хос кечди. Форсийдан, инглизчадан таржималар аслиятдан ўқилди. Ушбу йўналишда қолган 16 нафар иштирокчининг ҳар бири 5 миллион сўмдан рағбатлантирилиши қувонарли бўлди. Таржиманинг иши қийин. Тил билишдан ташқари асар руҳини англаш, аслиятгача етиб бориш машаққат. Шу жиҳатдан бу йўналишга кўпроқ сарфланиш керак, кўпроқ миллиёнларни аташ керак”, дейди журналист Акмал Жумамуродов.  

Блогер ва тележурналист Азиза Қурбонова ҳам ўз каналида қуйидагиларни ёзиб қолдирди: "Ёш ижодкорлар" кенгашининг "Дуэл" лойиҳасида меҳмон бўлдик. Шоиру шууру сурату тилмочлар баҳсини кўрдик. Нақд 500 миллион сўм жамғармали танлов бўлди бу.  Бугун баланд бир адабий кеча бўлди. Овози баланд, қалами баланд ёшлар билан танишдик. Ҳаммаси ҳақда ёзиш мумкин, аммо Кумушни алоҳида ажратиб кўрсатмоқчиман. Кумуш Абдусаломова- дуэлнинг финал босқичига етиб келган - Суҳроб Зиё, Шаҳриёр Шавкат, Рашид Хўжамовлар орасида ягона шоира”.

Дуэл якунида биринчи ўрин ғолибларига 25 миллион, иккинчи ўрин эгаларига 15 миллион, Республика босқичига чиққан қолган иштирокчиларга эса 5 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди. Даврага Шуҳрат Дарё, Бахтиёр Раҳмон, Оҳиста Жамшид каби хонандалар файз киритишди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//