“Маънавият фестивали”ни ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Сақлаш
22:32 / 20.05.2022 1216 0

Кеча, 19 май куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Маънавият фестивали”ни ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маънавият фидойилари, зиёлилар, олимлар, санъат арбоблари, кино намояндалари ҳамда ҳамкор вазирлик ва идоралардан вакиллар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади:

 

 

Маънавият фестивали миллий маънавиятимизни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Бу масалага муайян гуруҳнинг, синфнинг манфаатларидан, дунёқарашидан ва мафкурасидан келиб чиқиб ёндашиш мумкин эмас. Шу боис давлатимизнинг таълим-тарбия ва маданий-маърифий сиёсати асосида ҳар бир фуқарода юксак маънавий эҳтиёжларни шакллантириш ва ўстириш муҳим аҳамият касб этмоқда. “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият сари” шиори остида ўтказиладиган “Маънавият фестивали” доирасида 14 та ҳудудда 18 та ижтимоий лойиҳа тадбирлари амалга оширилади, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 дан ортиқ “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари жалб этилади.

 

 

Фестивал доирасида “Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари” мавзусида конференция, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Маърифат улашиб”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” акциялари, “Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади” шиори остида китоб кўргазмалари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, “Маърифат соатлари”, “Миллий қадриятлар” ҳафталиги, юртимизда фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!” шиори остида республика анжумани ҳам бўлиб ўтади.

 

Ўзбек мусиқа санъатининг кўп асрлик ижро йўллари, қадимий тарихи, ноёб санъатини кенг тарғиб қилиш, аҳоли кайфиятини кўтаришга қаратилган “Миллий қўшиқлар ва мақом”, “Ватан мадҳи”, “Бахшилар тараннумида” номли концерт дастурлари, маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, эрта никоҳ каби иллатларга барҳам беришни мақсад қилган “Оила – маънавият қўрғони” номли психологик суҳбатлар ташкил этилади. Шу билан бирга юртимизда имконияти чекланган бўлсада, фойдали меҳнат билан шуғулланиб, жамиятда муносиб ўрин топган ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлаётган юртдошларимизнинг эришган ютуқларини тарғиб этиш мақсадида “Инсон қадри” шиори остида ижтимоий роликлар тайёрланади ҳамда “Меҳр-мурувват ва саховат” тадбирлари, “Зиёлилар форумлари”, жисмонан соғлом авлодни шакллантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида турли спорт йўналишлари бўйича маънавий-маърифий тизимда фаолият юритаётган мутахассислар ўртасида “Маънавият кубоги” спорт мусобақалари ўтказилади. Фестивал доирасида “Ўзбекистон қаҳрамонлари” ҳамда “Маънавият. Асосий тушунчалар луғати” китобларининг тақдимоти ҳам ташкил этилади. Шунингдек, “Бахтли болалик шарафига” лойиҳаси давомида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг болалари учун концерт дастурлари ҳамда уларни қизиқтирадиган турли кўнгилочар ўйинлар бўлиб ўтади.

 

 

Анжуман давомида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Фарида Абдураҳимова, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Зокирова ва Дилором Каримова сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Тадбир давомида ўзбек миллий кулолчилик намуналари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Унда ғиждувонлик уста Ибодулла Нарзуллаев ҳамда унинг фарзандлари, кулолсозларнинг олтинчи авлод вакилларининг ижод намуналари намойиш этилди.  

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//