Жанубий Кореянинг нуфузли нашрида Ўзбекистондаги давлат хизматлари ҳақида мақола эълон қилинди

Сақлаш
14:47 / 16.09.2021 888 0

Жанубий Кореянинг нуфузли нашрлардан бири — «The Korea Herald» газетаси расмий веб-саҳифасида Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг ислоҳ қилиниши мавзусига бағишланган мақола эълон қилди, бу ҳақда «Дунё» Ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мақолада Ўзбекистонда давлат хизматлари ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланаётгани қайд этилган. Мисол учун, ҳар куни фуқаролар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш, уни болалар боғчасига, кейинчалик эса мактабга жойлаштириш, турли хил маълумотлар, бизнес очиш ва уни ривожлантириш учун турли лицензиялар олиши керак бўлади.

«Бугунги кунда ушбу жараёнларнинг барчасини битта жойда - Давлат хизматлари марказида амалга ошириш мумкин, — деб ёзади нашр. – Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йил 12 декабрда давлат хизматлари миллий тизимини ислоҳ қилиш бўйича асосий қадам ташланган пайтдан бошланди. 4 йилдан ортиқ вақтдан буён Давлат хизматлари марказлари одамлар тезкорликда, қулайлик ва сифат тамойилларига асосланган энг зарур давлат хизматларини олиши мумкин бўлган ягона масканга айланиб улгурди. Республиканинг ҳар бир туман ёки шаҳарида биттадан жами 205 та Давлат хизматлари маркази фаолият кўрсатмоқда»

Давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш янада қулай бўлиши учун Агентлик мутахассислари томонидан электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилди.

«Эндиликда бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкида ҳисоб рақами очиш имконияти мавжуд. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин бўлади», — деб ёзади «The Korea Herald».

Республика бўйича барча Давлат хизматлари марказларини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имконини берувчи «Вазият маркази» ҳам ишга туширилди.

Шунингдек, газета Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этилишини такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини оширишга қаратилган қўшма лойиҳасининг грант маблағлари ҳисобидан «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилиб йўлга қўйилгани ва ушбу тизим ёрдамида бизнесни юритиш учун зарур бўлган лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилгани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//