Маданият
17 май куни Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг Studio KO архитектура бюроси томонидан Замонавий санъат маркази биноси, Тошкентнинг Намуна ва Ҳастимом маҳаллаларидаги арт резиденцияларни реконструкция қилиш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.
2019 йилда Замонавий санъат маркази Миробод тумани Амир Темур кўчасидаги тарихий бинода жойлашган эди. 1912 йилда қурилган саноат биносида 1917 йил инқилобига қадар Тошкентдаги биринчи дизель электр станцияси жойлашган бўлиб, у ерда шаҳардаги биринчи трамвай линияси учун энергия ишлаб чиқарилган. Бино меъмори Туркистон вилояти қурилиш бошқармаси бошлиғи Вильгельм Гейнцельман бўлиб, Тошкент реал мактаби, Романовлар саройи ва бошқа лойиҳалар ҳам унга тегишлидир.
ЗСМ реконструкция лойиҳаси. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси видеолавҳасидан скриншот.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерованинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси туфайли ЗСМни қайта тиклаш ишларини олиб бориш икки йилга қолдиришга тўғри келди.
«Шу вақт ичида бир қанча йирик тадбирларни ўтказишга, Марказ қошида Ёш рассомлар лабораториясини ишга туширишга, Венеция биенналеси учун медиаторларни жалб қилишга, маҳаллаларни реконструкция қилишга киришдик», — деди у.
«Бинони реконструкция қилиш бўйича тайёргарлик ишлари 2021 йилда бошланган, ишларни тўлиқ якунлаш 2023 йилга мўлжалланган», — дея маълум қилди Гаянэ Умерова.
Бинони реставрация ва реконструкция қилиш ишларини эко тамойиллар асосида амалга ошириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш режалаштирилган. Асосий вазифа — бинолар меъморчилигининг ўзига хослиги ва индивидуаллигини сақлаб қолишдир.
ЗСМ реконструкция лойиҳасининг кўрсатилиши. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси видеолавҳасидан скриншот.
«Биз яқинда қўшилган барча деталларни олиб ташлаган ҳолда дизель станцияси ва маъмурият биносининг асл тузилишини қайта тиклашни ва очиб беришни хоҳлаймиз, — деди Studio KO асосчиси Оливье Марти. — Шундай қилиб, у янада ҳақиқий бўлади».
Архитекторнинг сўзларига кўра, шифтларнинг баландлиги ва бинонинг кенг периметри маъруза ва мултимедиа заллари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган жойларни жиҳозлаш имконини беради. Лойиҳага кўра, марказнинг ички ҳудуди плазага (майдон) айлантирилади, бу эса маконни фойдаланишни имкон қадар мослашувчан қилади ва очиқ ҳавода тадбирлар ўтказиш имконини беради.
ЗСМ реконструкция лойиҳасининг кўрсатилиши. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси видеолавҳасидан скриншот.
«Биз ўз олдимизга мавжуд бўлган ноёб маконни янгилаш ва шу орқали шаҳарнинг индивидуал маданий, архитектура ва тарихий муҳитини сақлаб қолишдек муҳим вазифани қўйганмиз», — деган Гаянэ Умерова.
ЗСМда Ўзбекистон санъат жамоатчилигининг жаҳон контекстига интеграциялашувига хизмат қиладиган кўргазмалар, маърузалар, жамоатчилик муҳокамалари, таклиф этилган рассомлар ва кураторлар билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Машҳур рассом ва Atelier Misto асосчиси Мица Мучиарелли томонидан яратилган Замонавий санъат марказининг макети. Фото: Саида Мирзиёева / Telegram.
Замонавий санъат марказининг макети.
Тошкентнинг Намуна ва Хастимом тарихий маҳаллаларидаги арт-резиденциялар Замонавий санъат марказининг ўқув платформаси бўлади. Унда турар-жой бинолари, кўргазма майдони, кутубхона, коворкинг, рассомлар, ҳайкалтарошлар, кулолчилар ва тикувчилар учун ижодий устахоналар бўлади. Устахоналарда янги медиа, кино ва 3D босиб чиқариш билан ҳам ишлаш мумкин бўлади. Таълим дастури доирасида рассомларнинг малакасини ошириш бўйича махсус дастурлар йўлга қўйилади.
Намуна маҳалласидаги арт-резиденция Маткаримбой мадрасаси негизида барпо этилади. Бинони анъанавий меъморий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда реставрация қилиш режалаштирилган. Иккинчи резиденция эса собиқ болалар боғчаси биносида ташкил этилади.
Тадбирда айтилишича, ўз маҳоратини ошириш, бошқа соҳадаги ҳамкасблари ва мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро миқёсда профессионал фаолиятини давом эттириш истагида бўлган дунёнинг турли бурчакларидан келган ижодий касб вакиллари резидент бўлишлари мумкин бўлади. Арт-резиденция дастурида иштирок этишнинг асосий шарти — қизиқарли лойиҳа ва янги маданий маконда ишлаш истаги.
Тошкент шаҳрида бадиий қароргоҳларнинг барпо этилиши шаҳарнинг ижодий муҳитини бойитади ва қулай шаҳар маконини яратади, ҳудудлараро ва халқаро ижодий алоқаларни ривожлантиришни рағбатлантиради, шаҳарнинг индивидуал маданий муҳитини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ