Юртимизда грамми 9 доллар турадиган метал олина бошланди

Сақлаш
22:20 / 15.09.2021 880 0

"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамиятининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси жамоаси оламшумул муваффақиятга эришди. Корхонада рений метали соф ҳолда олинди. Бу ҳақда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ахборот хизмати хабар қилмоқда.  

Рений металини соф ҳолда олиш ишлари бўйича лаборатория синовлари 2016 йилда бошланган бўлиб, шу йил якунига етди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди. Синов жараёнлари натижасида 99,9 фоиз соф ҳолда рений метали олинишига эришилди. Комбинатда келгусида ушбу маҳсулот саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.  

Ушбу металл Менделеев даврий жадвалида 75-ўринни эгаллаб, ўзига хос ноёб физик-кимёвий хоссаларига кўра кўплаб соҳаларда қўлланилади.  

Жумладан, нефтни қайта ишлаш саноатида катализатор тайёрлашда асосий компонент ҳисобланади. Авиасозлик, электротехника соҳаларида деталлар учун асосий элемент сифатида фойдаланилади.  

Ядро саноатида эса ушбу металлдан термопаралар тайёрлашда фойдаланилмоқда. Бу реакторда юқори ҳароратни ўлчаш имконини беради.  

Шунингдек, тиббиётда турли оғир хасталикларни даволашда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларида махсус ускуналарни тайёрлашда қўлланилади.  Заргарликда эса ренийдан қимматбаҳо буюмларни безаш учун қоплама сифатида фойдаланилади.  

Жаҳон бозорида 1 грамм ренийнинг ўртача нархи 9 доллар атрофида туради.  

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//