16 майдан маҳалла фуқаролар йиғини раиси - оқсоқоли сайлови бошланди

Сақлаш
21:41 / 16.05.2022 814 0

Жорий йилнинг май-июнь ойларида маҳалла фуқаролар йиғини раиси - оқсоқоли сайлови бўлиб ўтади. Сайлов 16 майдан бошланди.


Бугунги кун ҳолатига кўра мамлакатимизда 9 мингдан зиёд фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг 41 таси шаҳарча фуқаролар йиғини; 73 таси қишлоқ фуқаролар йиғини; 165 таси овул фуқаролар йиғини; 9 мингдан зиёди маҳалла фуқаролар йиғинларидир. Жумладан, 4 маҳалла жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади, 580 фуқаролар йиғини юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан чегара ва анклав ҳудудларида жойлашган.Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини раиси сайланади.


Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

 

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.


Мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади. Фуқаролар йиғини раисини сайлашда фуқаролар йиғинининг ёки фуқаролар вакиллари йиғилишининг ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади.


Фуқаролар йиғини раиси сайлови ушбу лавозимга икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади. Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Давлат органлари фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, зарур ҳолларда уларни бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаши белгиланган.Шунингдек, мазкур ҳужжатда фуқаролар йиғини раиси сайлови, сайловга тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартиби сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланиши қайд этилган.


Жорий йилнинг 16 март куни Сенат кенгашининг «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тегишли буйруғи ижрога қаратилган.

 

Унга кўра сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Ишчи гуруҳлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар Кенгашларининг қарорлари билан 221 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир тадбирлар режалари тасдиқланди.

 

Маълумот учун, мамлакатимиздаги 842 маҳаллада сайлов бўлиб ўтади. Унда 239 минг 910 нафар сайловчи иштирок этиши белгиланган. 2 минг 270 нафар номзод сайловда иштирок этади. Шундан 510 нафари (60,5 фоизи) амалдаги раислар, 1 минг 762 нафари биринчи маротаба сайловда иштирок этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//