Қозоқбой Йўлдош ва Муҳаммад Али Халқаро Турк академиясининг кумуш медали соҳиби бўлди

Сақлаш
14:45 / 15.09.2021 972 0

   Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Халқаро Турк академияси ҳамкорликда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг қозоқ тилида нашр этилган “Ҳамса”, “Муҳокаматул-луғатайн” ва шоир ижоди жамланган “Ғазаллар” номли китобларининг тақдимотига бағишланган анжуман ўтказилди.

   Тадбирда Халқаро Турк академияси президенти Дархан Қидирали, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сотиболди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Мухтор Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институти директори Кенжехан Матижанов, “Қолжазба және фольклортану” (“Қўлёзмалар ва фольклор”) илмий-инновацион маркази директори Торали Қидир, Ўзбекистон расмий вакиллари, шунингдек, қозоқ ва ўзбек зиёлилари иштирок этди.

   Анжуман доирасида Қозоқбой Йўлдошев Абайнинг “Тарбия сўзлари” китобини ўзбек тилига таржима қилгани ва нашр этилишига ҳисса қўшгани учун, Муҳаммад Али Навоийнинг “Ғазаллар” номли китобини тузгани учун Халқаро Турк академиясининг Кумуш медали билан тақдирланди.

Бир вақтлар “Сирдарё ҳақиқати” газетасида “Қозоқбойни қозоқлар ҳам эътироф этди” номли мақола ёзган журналист Муҳаммадали Аҳмадий "facebook" тармоғида қолдирган қутловида шундай дейди: “Кейинги пайтларда Қозоқбой Йўлдош таржима билан ҳам шуғуллана бошлади. Буюк қозоқ мутафаккири Абайнинг “Тарбия сўзлари” китобини аслиятга жуда яқинлаштириб ўзбекчалаштирди. Олимнинг 70 йиллик юбилейида Қозоғистондан келган зиёлилар: “Қозоқбой бизнинг ҳам олимимиз”, дея эътироф этишди”.

Айтиш керакки, Қозоғистонда ҳам Навоий асарларини ўрганиш, таржима қилиш, нашр эттириш юзасидан қизғин адабий жараёнлар кечмоқда. Хусусан, “Хамса” китобини Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,  қозоқ шоири Несипбек Аитули ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилди. Мазкур китобдан Навоийнинг – “Лайли ва Мажнун” ҳамда “Садди Искандарий” каби достонлари ўрин олган.

Қардош эллар билан адабий алоқаларимиз бардавом бўлсин.

 

Сурат муаллифи Аҳмад Тўра

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//