Метродаги турнақатор навбатларга йўловчиларнинг хасислиги сабаблиги айтилмоқда

Сақлаш
21:20 / 14.09.2021 965 0

 10 000 сўмни қизғаниш эвазига ишга, ўқишга кечикаётганингизга ачинмайсизми?

2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда ягона транспорт картаси жорий этилди. Карталар ўрнатилган NFC чипи туфайли контактсиз ишлайди. Уларнинг нархи 15 000 сўмни ташкил этади, шунингдек, ушбу суммага бир марталик транспортдан фойдаланиш харажати ҳам киради. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсам, 10 000 сўм карта ҳақи ва ичида йўл харжлари учун олдиндан тўлов сифатида заҳира 5000 сўм маблағ бўлади.

Жумладан, картага СМС хизматни ёқиш имконияти мавжуд бўлиб, сиз бу хизматни ёқиш орқали картангизни йўқотиб қўйсангиз ичидаги қолган маблағни бошқа картага ўтказиб олиш имкониятига эга бўласиз.

Агар сизда карта бўлмаса-чи?

Агар сизда карта бўлмаса бир талай муаммоларга тайёр туринг. Булардан  энг биринчиси, бир марталик QR кодли чек сотиб олиш учун турнақатор навбатда қолиб кетишингиз мумкин. Табиийки бунинг ортида сиз ўз ишингизга, муҳим учрашувга кечикишингиз мумкин. Қолаверса, асабингиз ҳам бузилиш эҳтимоли кам эмас.

Иккинчи ноқулайлик - сиз фақат бир марталик чек олишингиз керак бўлади. Ҳар сафар метрога тушганда юқорида таъкидлаганимиз каби навбатда туришингиз керак. Чек сиз уни сотиб олган бекатингиз учун ярим соатгача ўз фаоллигини сақлаб туради. Белгиланган муддат тугаши билан кераксиз қоғозга айланиб қолади.

Учинчи муаммо эса қурилма QR кодни таниб олиш вақтида юз беради. Керакли масофада ушлашни билмаган киши қоғозни ускуна экранига яқин олиб боради, тескари қўйиб кўради ва тушунмаган ҳолатда ускуна олдида ҳам тиқилинч ҳолат юзага келишига сабаб бўлади.

Кейинги муаммо тозаликка тааллуқли бўлиб, кичик, енгил қоғоз метро бекатга кириб келиши пайтида юзага келган шамолда учиб оёқ остида сочилиб ётишида. Фаррошлар мунтазам келиб қоғозларни теришлари ҳолати жуда кўп кўз ўнгимизда содир бўлади. Баъзи ўринларда фаррошларнинг ўзлари йўловчилардан уларни йиғиб олишаётганига ҳам гувоҳ бўламиз.

Метродан фойдаланишда йўл ҳақи 1400 сўм, айрим йўналиш автобуслари учун эса 1300 сўмни ташкил қилади. Мана шу ҳолатда ҳам картангиз бўлмаса, муаммо юзага келиши ҳақида бир ўйлаб кўринг. Ҳар бир йўловчи учун танга пулларни санаб олиш ва йўл ҳақидан кўпроқ берилган пул учун қайтим қайтариш ҳам анчагина вақтингизни олади.

Бу транспорт картасини реклама қилиш эмас, қимматли вақтингиздан ўринли фойдаланишга чақирув холос. Омон бўлинг.

Нуриддин Зиё

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//