Сайлов-2021: МСК қарорига мувофиқ 6 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди

Сақлаш
19:26 / 14.09.2021 880 0

 

 

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

 

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш, Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

 

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 9-10 сентябрь куни мазкур сиёсий партиялар томонидан тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилган эди. Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси қарори билан тузилган Экспертлар гуруҳи томонидан текширилди.

 

Эксперт гуруҳи аъзолари ҳар бир имзо варақасини визуал ўрганиш жараёнида, уларнинг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишлар киритилганлигига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига ва бошқаларга ўз эътиборини қаратишди.

 

Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳининг хулосасига асосан тақдим этилган имзо варақалари номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда тўпланган ва қонун талабларига мос келади.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, мажлис давомида мазкур партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Варисова Максуда Азизовна, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромонович Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ Япония, Грузия, Россия Федерацияси, Татаристон ва Беларус Республикаларидан 6 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

 

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва  Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган яна 5 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 23 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 930 нафарни ташкил этмоқда.

 

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//