Сурхондарёда ота фарзандига, ака ўз укасига буйрагини берди

Сақлаш
17:14 / 19.04.2022 754 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида соғломлаштириш акцияси давом этмоқда. Хусусан, тадбир доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда мураккаб буйрак кўчириш операциялари муваффақиятли ўтказилди.

 

Унда кўра, Музработ тумани Музработ дарвоза маҳалласида яшовчи 27 ёшли Файзулло Чориев гемодиализ муолажасини олиб юрган беморлардан бири эди. Тиббий текширувлар натижасида унда ўткир буйрак етишмовчилиги аниқланган.

 

– Бундан тўрт-беш ой аввал қон босимим кўтарилиб, бошим қаттиқ оғирийдиган бўлиб қолди, – деди Ф. Чориев. – Ҳатто, оғриқнинг зўридан тўшакка михланиб қолдим. Гемодиализ олишни ўйласам, ҳали ҳам юрагим орқага тортади.Вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси эса қалбимга яна умид бағишлади. Пойтахтдан келган малакали жарроҳлар икки кун аввал менга буйрак кўчириб ўтказишди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтарканман. Бунинг учун уларга, қолаверса, менга бир буйрагини берган жон жигарим – меҳрибон акамга миннатдорлик билдираман.


Шунингдек, вилоятда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси доирасида ангорлик 35 ёшли Абдулла Тўраевда ҳам мураккаб буйрак кўчириш амалиёти муваффақиятли бажарилган. Унга отаси, 62 ёшли Тожи Тўраев бир буйрагини берган.

 

– Кўз олдингда норғулдек ўғлинг дарддан сўлиб бораётганини кўриш оғир, – деди Т. Тўраев. – Шукр, барчаси ортда қолди. Насиб бўлса, тез кунда фарзандим яна соғлом ҳаётга қайтади. Бунинг учун тиббиёт ходимларидан миннатдорман.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//