Ўпка саратонини даволовчи робот яратилди

Сақлаш
23:37 / 28.03.2022 900 0

Авваллари беморларни даволаётган ёки операция қилаётган роботларни фақат фантастик фильмларда кўрганмиз. Энди эса бу хаёлотлар ҳақиқатга айланмоқда.

 

Жарроҳлик соҳасида инновацион технологиялар, хусусан, ўта аниқликда ишловчи роботлардан фойдаланилиши замонавий тиббиёт имкониятларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтирди.

 

 Эътиборлиси, сунъий идрок билан бошқариладиган бундай қурилмалар ҳеч қачон толиқмайди ва кунига 24 соат давомида танаффуссиз ишлай олади.

 

Буюк Британиянинг Лидс университети олимлари узоқ изланишлардан сўнг ўпка саратонини аниқлаш ва даволашда қўл келадиган робот яратди.

 

Ушбу инновация ўпка ва бронхларнинг энг нозик қатламларидаги саратон тўқималаридан намуна олишга қодир. Қолаверса, унинг ёрдамида хавфли ўсимталар жойлашган нуқталарнинг ўзига юқори аниқликда ва самарали тарзда дори етказиб бериш мумкин.

 

Бунинг учун роботнинг махсус митти найсимон мосламаси бурун ёки оғиз бўшлиғи орқали бронхиал йўлларга киритилади. У юмшоқ эластомердан ясалган ва майда магнит заррачалари билан жиҳозланган. Шу сабабли жуда мослашувчан бўлиб, ўпканинг мураккаб бурилишлари бўйлаб ишлашга қодир.

 

“Янги ихтиро ўпка касалликларини текшириш ва даволашда қимматли восита бўлади, — дейди тадқиқот раҳбари, профессор Пьетро Вальдастри. — Шунингдек, у ташхис жараёнида беморларнинг рентген нурларидан зарарланишига эҳтиёж қолдирмайди”.

 

Мутахассислар фикрича, робот тез орада дунёнинг етакчи клиникаларида энг оғир касалликларни муолажа қилишда кенг қўлланила бошлайди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//