Маданият
Ўзбек саҳна ва кино санъати яна бир оғир жудоликка учради: Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида боқий дунёга кетди.
Бу ажойиб инсоннинг ботинию зоҳирида ўктамлик, шижоат, ҳаётсеварлик, матонат, меҳр-муҳаббат улашишда дарёлик фазилатлари мужассамлашган эди. Марям Ихтиёрова ХХ асрнинг илғор зиёли-санъаткори сифатида замон билан қанчалар ҳамқадам бўлса, бетакрор ҳофиз Комилжон Отаниёзов, эътиборли ва меҳрибон Раззоқ Ҳамроев, қалб нури доим юзларида жилваланган муниса Лутфихоним Саримсоқова, қувноқ ва зукко Сойиб Хўжаев, театр жамоасини она бўлиб яхши кўрган, авайлаб-эҳтиётлаган Фароғат Раҳматова каби устозлар тарбияси шарофатидан ўзбекона фазилатларнинг бекаси бўлди.
Талабалик даврида (1959 йили) атоқли санъаткор Раззоқ Ҳамроев таклифи билан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига ишга келган Марям Ихтиёрова мана шу даргоҳда умрининг охиригача халққа хизмат қилди: “Паранжи сирлари” спектаклида Мастура, “Тошболта ошиқ”да Каромат, Рисолат, “Жон қизлар”да Кунсулув, “Девона”да Она, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Хайри, “Алмандар уйланармиш”да Хадича, “Муҳаббат навоси”да Она, “Ой онам – қайнонам”да Қумри, “Меҳр нури”да Норгул момо, Ҳожар, “Жайдари келин”да Карима, “Аршин мол-олон”да Жаҳон хола каби 100 дан ортиқ образларни юксак маҳорат билан элга тақдим этди. Актрисанинг “Водиллик келин”, “Бувимни қайтаринг”, “Зарба”, “Бомба”, “Дев билан пакана”, “Эр бермоқ – жон бермоқ”, “Келгинди келин” каби бадиий фильмларда, шунингдек, “Кўнгил кўчалари”, “Опа-сингиллар”, “Туташ тақдирлар”, “Она дарё”, “Бир кам дунё” сингари телесериалларда яратган қаҳрамонлари томошабинлар қалбидан, санъатимиз хазинасининг олтин фондидан жой олди.
Республика радиосининг “Табассум” тележурнали дастурларига Марям Ихтиёрованинг жўшқин туйғулардан жилоланган жарангдор овози неча ўн йиллар давомида ўзгача руҳ, кайфият бахш этди. Санъаткорни одамлар қанчалар севса, унинг қалби ҳам халққа меҳр-муҳаббат, ифтихор, талпиниш билан лиммо-лим эди. Республикамизнинг узоқ-яқин ҳудудларида бўладиган маънавий-маърифий тадбирларда, учрашувларда ёрқин санъати, юртпарварлиги, халқсеварлиги, одамшавандалиги билан қалбларга кириб борди, эзгулик улашди.
Айтиш мумкинки, Марям Ихтиёрова нафақат саҳнада, балки ҳаётда ҳам турфа синовларни бошдан кечирди. Бағрикенглик, инсонни тушуниш, ўзгалар ва ўз қадрини шахсий ожизликлардан баланд тутиш, қўли ва кўнгли очиқлик, адабиётсеварлик Марямхонимни ҳамиша элу юртга азизу ардоқли, иззатли этди. Саҳнадаги шогирдлари ҳам фарзандлари қаторида, уларга чин маънода она, санъатимиз дарғаларининг қутлуғ анъаналарини ёш ҳамкасбларга етказишда ўзига хос мактаб, кўприк бўлди. Ёрқин хотираси санъатимиз саҳифаларида, мухлислар қалбида ўчмас бўлиб қолгай, иншааллоҳ.
Марям Ихтиёрова меҳнатлари давлатимиз томонидан қадрланиб, 1997 йили Ўзбекистон халқ артисти унвони, 2016 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Аллоҳ бандаларига суюкли этган Марям Ихтиёрованинг чин дунёси ҳам обод, манзил-макони жаннат боғлари бўлишини тилаймиз.
Республика Маънавият ва маърифат маркази жамоаси
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ