Жамият
Талабалик давримданоқ отам ва онам томонидан ўтган аждодларимиз тарихини, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ёзиб ола бошладим. Шу жараёнда менда миллий меросимизга, қадриятларимизга қизиқиш, муҳаббат янада ошди. 1989 йилдан бошлаб, Республикамизнинг барча вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, никоҳ ва бешик тўйлари билан боғлиқ урф-одатлар, маросимлар, аллалар, ёр-ёрлар, келин саломлар, соғим, меҳнат, рамазон ва марсия қўшиқларини ёзиб олиш, тарғиб қилиш билан шуғулланаман.
Инсон ўзи учун қўшиқ яратади. Айтгувчи қандай кайфиятда бўлса айтимларида намоён бўлади. Унда меҳри, муҳаббати, соғинчи, дил изҳорлари, аламлари, бошидан кечирган қайғули кунлари мужассам бўлади. Ранг- баранг руҳий олам билан тўқнашиш менга ёққанидан, ўнлаб дафтарларим ана шундай бебаҳо меросимиз дурдоналари билан тўлди. Уларни қайта-қайта варақлаш, кеча англамаганимни бугун англаш ҳузурбахшдир.
Бундай онларда вилоятма-вилоят юриб азоб чекканларим, бировга ёқиб бировга ёқмаганларим, кимдир дарвозасини юзимга ёпганида чўчиб тушганларим, қишнинг қаҳратонида айтимлар тўплагани борганимда юк машинасида қийналганларим, оёғимда калиш, қўлимда заранг таёқ билан олис тоғнинг этакларидаги қишлоқларда қадриятларни ардоқлаб яшаётганлар ҳузурига зўрға етиб борганларим унутилиб кетади. Ёзиб олганларим —айтимларнинг умри узайиши, авлодларга қолиши, халқ оғзаки ижоди бисотига янги марваридларнинг қўшилишини ўйлашим билан чеҳрам қуёшдек порлаб кетади.
Меҳнатларинг эътироф этилиши, мамлакатимиз Президенти томонидан рағбатлантирилиши қувончингга қувонч қўшар экан. Чунки, инсонга, айниқса, ижодкорга руҳий, маънавий қувват ҳамиша керак. Бу янада яхшироқ ва самаралироқ ишлашга ундайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат тарғиботчилари” жамияти аъзоси сифатида мамлакатимиз вилоятлари, туман ва қишлоқларида сафарда бўламан. Юз-кўзлари порлаб турган, заҳматкаш, меҳнаткаш одамларни кўрганимда ғурурланаман. Инсонда қачонки ғурур тирик экан у элнинг, юртнинг саодати, Ватан истиқболи йўлида хизмат қила олади. Эътироф эса ижодкор руҳини юксалтиради.
Менга ушбу кўкрак нишони берилишини кутмаган эдим. “Энг яхши китобхон” кўрик-танловида ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этаётган эдим. Яширмоқ нега керак? Мижжаларим нам бўлди. Демак, миллий меросимиз, халқ оғзаки ижодининг нодир намуналарини ёзиб олиш, китоб ҳолида чоп эттириш ва уларни тарғиб қилиш билан мамлакатимиз мустақиллигининг мустаҳкамланишига ҳиссам қўшилибди.
Шу кунга қадар ўн тўрт нафар китобим дунё юзини кўрди. “Нур тўла уй”, “Хушрўйлик сирлари”, “Алла айтай, жоним болам”, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Фарзандингизга ўйинлар”, “Онам айтган аллалар”, “Ўзбек халқ қўшиқлари” шулар жумласидан. Уларнинг номининг ўзиёқ халқимиз қадриятларидан сўзлаб турибди. Куни кеча “Шарқ” нашриётида “Қуёшим – энам" воқеий қиссам нашрдан чиқди. Айни дамда бир юз элликка яқин миллий ўйинлар жамланган “Ўзбек миллий ўйинлари” китобим нашрга тайёр. Яқинда кўпкари ва чавандозлар ҳаёти билан боғлиқ янги романимни ёзиб тугатдим. Хуллас, ҳали ишларим жудаям кўп. Ҳар бир китобимда халқ оғзаки ижоди намуналари ўқ чизиқ бўлиб ўтади. Улардаги маълумотлар билан қадриятларнинг Олтин сандиғи тўлиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан муборакбод этаман! Бу саодат байрами минг йиллар давомида завол кўрмасин!
Гулжаҳон Мардонова,
”Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги”
кўкрак нишони соҳибаси.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ