Дишон қалъанинг бир қисми фуқаронинг қайсарлиги сабаб қулаб тушди

Сақлаш
16:36 / 24.02.2022 999 0

Хоразмда хусусий хонадон ичида «Дешон Қалъа» меъморий архитектура ёдгорлиги ҳисобланмиш деворнинг бир қисми қулаб тушган. Бу ҳақида Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, фуқаро А.Р. бир неча марта огоҳлантирилишларга қарамай, ушбу тарихий обидани сақлаб қолишга қаратилган ишларни амалга оширишга тўсқинлик қилган. Фуқаро уй унинг шахсий мулки эканлигини айтиб, Агентлик мутасаддиларига қаршилик кўрсатган ҳолда консервация ва реставрация қилишга йўл қўймаган.

 

Шунга қарамасдан Агентлик мутахассислари жойига чиққан ҳолда тарихий объектни узоқдан кузатиб фуқаро билан муросага келиш чораларини кўрган. Лекин фуқаро барча таклифларга рад жавобини беради.

 

 

«Унинг вазиятга бўлган беписандлиги хонадонида жойлашган маданий мерос объектига зарар етказилишига ва қисман бузилишига сабаб бўлди», дейилади хабарда.

 

Айни вақтда тегишли органларга фуқарога нисбатан давлат муҳофазасига олинган объектни асрашга тўсқинлик қилгани учун чора кўриш тўғрисидаги тақдимномани киритиш жараёни бошланган.

 

Шунингдек, бу каби ҳолатлар Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Шу боис Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасига маҳаллий ҳокимиятларга маданий мерос объектлари атрофида жойлашган шахсий мулкларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўчириш бўйича таклиф киритилиши маълум қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//