Маданият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 7 январь куни “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўқувчилари билан учрашувда уларга қарата “Буюклик меҳнатдан келади” деб айтган эди. Кўзлари ёниб турган ўсмирларнинг келажакда буюк инсон бўлиб етишишлари учун бу мактабларда илмий-амалий конференциялар ташкил этиш, ўқувчилар ўртасида маънавият мавзусида танловлар ўтказиш, “Темур тузуклари”нинг ҳар бир тузугига илмий шарҳлар ёзиш муҳимлиги таъкидланганди. Ёшларни нафақат жисмонан, балки руҳан чиниқтириш, маънавиятини юксалтириш, китобхонликка меҳрини ошириш, уларни асл ватанпарварлар қилиб тарбиялаш кун тартибидаги муҳим масалалардан саналади.
Шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун, 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамкорлигида “Темурбеклар мактаби – ватанпарварлик, жасорат, матонат ва фидойилик маскани” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли вилоятларидаги “Темурбеклар мактаби” ўқитувчи ва ўқувчилари “zoom” платформаси орқали қатнашди.
Марказ раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ўз сўзида Президентимиз ушбу масканларни чинакам ватанпарварлик мактаби – энг намунали таълим даргоҳларига айлантириш кераклигини таъкидлаганини яна бир бор эслатиб ўтди. Шундан сўнг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби мазмун-моҳияти хусусида маълумот берилди.
Тадбирда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларининг 2022 йилга мўлжалланган маънавий-маърифий ишлар дастури тақдимоти бўлиб ўтди. Жами 5 та бўлим, 40 та банддан иборат мазкур чора-тадбирлар дастури ушбу масканлардаги маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, ёшларни аждодлар меросига ҳурмат, мустақилликка садоқат, юксак ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган.
Айтиш керакки, ўтган йили Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўртасида “Амир Темурнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни” мавзусида иншолар ҳамда расмлар танлови ҳам ўтказилган эди.
Танловда Қуролли Кучлар тизимидаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўқувчилари иштирок этди. Илк босқичи 2021 йилнинг 30 сентябрига қадар барча ўқув даргоҳларида, республика босқичи эса 2021 йил ноябрь ойида Республика Маънавият ва маърифат марказида ўтказилди. Иштирокчиларнинг ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, ҳар бир номинация бўйича бештадан ғолиб аниқланди.
Бугунги тадбирда мазкур танловда 1 ва 2- ўринни эгаллаган ўқувчиларга компьютер, 3- ўринни эгаллаган ўқувчиларга планшет, шунингдек, 4-5- ўрин эгаларига китоблар жамланмаси, диплом ва ташаккурномалар топширилди.
Тадбир якунида иштирокчилар таълим муассасаси биноси ҳамда ётоқхоналарини кўздан кечиришди. Жумладан, мактаб музейи ва спорт майдончаси билан таништирилди.
“Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирокидаги бадиий кеча йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди. Ўқувчилар шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоий ва ғазалларини ёддан ўқишди. Улуғ аждодимиз ҳаётига оид саҳна асари намойиш этилди, шоир ғазаллари қўшиқ қилиб куйланди.
Нодира ИБРОҲИМОВА
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ