Aфғонистонлик аёллар ва болаларни ёлғиз қолдирманг!

Сақлаш
18:08 / 27.08.2021 790 0

 

Афғон адибаси дунё ёзувчиларига мурожаат  йўллади 

"Салом, дўстлар. Менинг исмим Ҳомайра Қадери ва навбатдаги "Масжиддаги рақс" китобининг муаллифиман: унда афғонистонлик онанинг ўғлига мактуби акс этган. Мен сизлардан баъзиларингиз билан Халқаро Ёзувчилар Дастурида танишганман, бошқа бирларингизни эса ёзган асарларингиз орқали биламан.

Мен қонли кунларда Кобулда яшаяпман, у ерда мен ёзувчи, аёл ва она сифатида ўз халқимни толиблар отиб ташлаётганини кўраяпман. Биз уруш қопқонида қолиб кетдик, қайсики, унга жуда маҳкам боғланганмиз: Терроризмга қарши глобал курашдаги воситачилик урушлари, эҳтимол, қўшни давлатлар томонидан илгари сурилган воситачилик урушидир булар. 1995 йилда Толибон ҳокимият тепасига келгач, Aфғонистонда фуқаролар уруши бошланди, шундан кейин толиблар ўзларининг қаттиққўл ва эскирган қонунларини қабул қилиш орқали, халқнинг руҳини синдирдилар. Дунё эса бизнинг тақдиримизга бефарқ қарай бошлади, чунки бу ҳали фуқаролар уруши эди. Aммо 11 сентябр воқеалари кўрсатдики, Толибоннинг террор ҳаракати бутун дунё учун хавфнинг уясидир.

Aйтмоқчи эдимки, террорчиликка қарши кураш фақат афғонларгагина тегишли бўлиб қолмайди. Бу бутун дунё халқлари олиб бориши керак бўлган урушдир. Aгар бу урушда Aфғонистон мағлуб бўлса, билингки, бутун дунё одамларининг ҳаёти хавф остида қолади.

Урушда ҳар кимнинг ўз қуроли бўлади. Меники эса қаламдир. Мен айни пайтда ўз қаламимда ёзар эканман, дунё ёзувчиларидан, менинг қаламим бўлишингизни сўрайман. Бизнинг болаларимиз шу кунларда тупроқ йўлларда ухлаяптилар, аёлларимизнинг кўчаларда кўзлари ёрияпти, қариялар ва аёллар ҳеч қаерга қочиб қутула олмайдилар, шунинг учун ҳам ўз уйларида ўлишни афзал биладилар, ёки улар минглаб қочқинлар билан кўчаларда ўралашмоқдалар. Фалокат ўзининг авж чўққисига етди. Биз қийноқли охиратга яқинмиз, жуда яқин турибмиз.

Ўтинчим, оммавий ахборот воситаларида ушбу фожиалар ҳақида чиқишлар қилинг. Aфғонистонлик аёллар ва болаларни ёлғиз қолдирманг!

Бу инсоний фожиани унутманг. Ўтинаман.

Ҳомайра Қадери

Кобул, Афғонистон”.

 

 

Гўзал Бегим таржимаси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси