Дунё миқёсида «омикрон»дан ўлим кўрсаткичлари ортмоқда

Сақлаш
17:56 / 09.02.2022 963 0

Ўтган ҳафтада дунё бўйича коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари аввалги ҳафтага нисбатан 17 фоизга камайди. Аммо касалликдан вафот этганлар сони 7 фоизга ошди. Бу ҳақида кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳафталик ҳисоботида маълум қилинди.

 

Қайд этилишича, 31 январдан 6 февралгача 19 миллиондан зиёд киши COVID-19 инфекциясини юқтирган. Улардан қарийб 68 минг нафари касалликнинг оғир асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

 

ЖССТнинг ҳисоботида келтирилишича, сўнгги 30 кун ичида олинган таҳлил намуналари коронавируснинг «омикрон» штамми 96,7 фоиз доминант вариантга айланганини тасдиқлайди. Қолган ҳолатларни эса «дельта» мутацияси ташкил этган.

 

Россиядаги Н.Ф. Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази лаборатория мудири Сергей Алховскийнинг фикрича, «омикрон» барибир «дельта»ни бутунлай сиқиб чиқара олмайди. Яъни аввалги штамм кичикроқ ҳажмда бўлсада сақланиб қолади.

 

Ўз навбатида, мутахассис «омикрон» билан касалланган беморда ҳосил бўлган иммунитет, яъни антитаначалар «дельта» ёки шу сингари бошқа мутацияларга қарши яхши самара бермаслигини таъкидлади.

 

Германия соғлиқни сақлаш вазири эса «омикрон» штамми коронавируснинг охирги варианти бўла олмайди, деган хулосада. Унинг сўзларига кўра, ҳозир CОVID-19 билан касалланиш даражаси юқори. Бу эса вируснинг мутацияга учраши учун қулай шароитдир.

 

«Ана шундай мураккаб эпидемиологик вазиятда янги штаммлар юзага келмаслигини тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди вазир. — Шундай экан, пандемия «омикрон» билан тугаши имконсиз. Биз фақат янги мутациялар зарарсизроқ бўлишига умид қилишимиз мумкин, холос»

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//