Тошкентда инклюзив таълим аҳамиятини кўрсатувчи «Менинг мактабим – ҳар бир бола учун» кўргазмаси очилди

Сақлаш
16:39 / 03.06.2026 11 0

Тошкентдаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида инклюзив, хавфсиз ва адолатли таълим муҳитини шакллантиришга қаратилган «Менинг мактабим – ҳар бир бола учун» номли кўргазма очилди. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

 

 

Кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида яшовчи болаларнинг сурат, ҳикоя, ва видеолавҳалари намойиш этилмоқда.

 

«Болаларнинг ижодий ишлари бизга инклюзив таълим фақат таълим масаласи эмаслигини эслатади. Бу – қадр-қиммат, тенглик, имконият ва биз биргаликда қурмоқчи бўлган келажак ҳақидадир», деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Cастижио.

 

 

«Инклюзив таълим сифатли таълим тизимларининг энг муҳим ҳаракатлантирувчи омилларидан бири эканлигига қатъий ишонамиз. Инклюзив мактаблар ҳар бир болага йўналтирилган, мослашувчан, инновацион ва уларнинг таълим эҳтиёжларига янада самарали жавоб бера оладиган бўлади», дея таъкидлади у.

 

Ўзбекистонда тахминан 122 300 нафар ногиронлиги бўлган болалардан фақат 5 999 нафари умумтаълим мактабларида таълим олади.

 

UNISEFнинг ИШОНЧ–2030 ташаббуси доирасида қўллаб-қувватланаётган 50 та намунавий мактаб тажрибасига кўра:

Ота-оналарнинг 43% ва ўқитувчиларнинг 32% ногиронлиги бўлган болалар учун умумтаълим давлат мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари таълимнинг энг мақбул таълим шакли деб билади;

Ота-оналарнинг 18% ва ўқитувчиларнинг 19% ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослашган мактабларни энг мақбул таълим шакли деб ҳисоблайди;

Ота-оналарнинг фақат 8% ва ўқитувчиларнинг 15% уйда таълим олишни афзал деб ҳисоблайди.

 

 

Ушбу статистик маълумотлар инклюзив, жамоага асосланган мактабларга бўлган ишончнинг ортиб бораётганини кўрсатади ва сифатли, қулай, болага йўналтирилган ўқув имкониятларини ҳар бир боланинг ўз яшаш ҳудудларида ташкил этиш зарурлигидан далолат беради. Намунавий мактаблар инклюзив таълимнинг амалиётда қандай ишлашини – инклюзив педагогика ва дифференциал ёндашувларни қўллаш, ёрдамчи технологиялар ва мослаштирилган ўқув материалларини жорий этиш, шунингдек, қулай инфратузилма ва болалар учун дўстона муҳит яратиш орқали намойиш этади.

 

Кўргазма 2026 йил 14 июнгача фаолият юритади.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//