Жамият
Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилаётган Евроосиё иқтисодий саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлаб, эзгу тилакларини йўллади.
Президент ўтган ўн йиллар давомида Саммит етакчи сиёсатчилар, ишбилармон доиралар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирган муҳим мулоқот майдони сифатида ўзини намоён этганини қайд этди. Унга кўра, анжуманнинг Истанбулда ўтказилиши алоҳида рамзий маънога эга. Асрлар давомида бу бетакрор шаҳар Европа ва Осиё ўртасида кўприк бўлиб, минтақалараро маданий ва савдо-иқтисодий алоқалар ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади.
Президент бугунги кунда замонавий Туркияда Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг «Туркия асри» стратегик ғояси муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Унга кўра, Туркия глобал кун тартибидаги долзарб муаммоларни самарали ҳал этиш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини тўлиқ сафарбар этиб, халқаро муносабатларнинг ишончли ва нуфузли иштирокчиси сифатида таъсири ортиб бормоқда.
Президент Эрдоғаннинг қатъий интилишлари туфайли бугун Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари кенг кўламли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Қайд этилишича, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг устувор йўналишлари Евроосиё иқтисодий саммитининг асосий мақсадлари – тенг ҳуқуқлилик, ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган кенг қамровли шериклик ва барқарор тараққиёт тамойилларига тўла мос келади.
«Бу галги Саммитнинг асосий мавзуларидан бири сифатида сув танқислиги ва «яшил» ресурслар шароитида глобал масъулият масаласи бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Дунё тобора авж олаётган иқлим хавф-хатарларига, хусусан, чўлланиш, тупроқ емирилиши, сув танқислиги ва экологик вазият ёмонлашувига дуч келмоқда. Марказий Осиёда ушбу жараёнлар айниқса кескин намоён бўляпти: ҳарорат ошиш суръатлари кўрсаткичи жаҳон миқёсидаги ўртача меъёрлардан юқори бўлиб, музликлар емирилмоқда, тупроқ деградацияси кучаймоқда», дейилади Президент мурожаатида.
Бундай шароитда экологик барқарорликни таъминлаш Янги Ўзбекистонни тараққий эттиришнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилмоқда, Орол денгизининг қуриган тубида эса улкан яшил ҳимоя майдонлари яратилмоқда.
Ўзбекистон ривожланишнинг яшил моделига изчиллик билан ўтмоқдамиз, бу жараёнда зарарли чиқиндилар ҳажмини 35 фоизга қисқартириб, 2035 йилга қадар уларни 50 фоизгача камайтиришни мақсад қилган. Шу билан бирга, сув ресурсларини самарали бошқариш, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар йили катта миқдорда сув захираларини тежаш имконини беради.
Ўзбекистон бундан буён ҳам «яшил» кун тартибини фаол илгари суриш ҳамда глобал экологик хавфларни самарали ҳал этиш йўлларини топишга ҳисса қўшишни фаол давом эттиради.
«Шу муносабат билан сизларни мамлакатимиздаги халқаро тадбирларда, хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган Глобал экологик жамғарма Ассамблеясида ва Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга таклиф этаман», деди Президент.
Шавкат Мирзиёев биргаликда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар халқаро иқлим ҳамкорлиги кун тартибига, жумладан, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича бўлажак конференциясига тайёргарлик жараёнига амалий ҳисса қўшишига иишонч билдирди.
Президент тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон кенг кўламли ҳамкорлик учун доим очиқ ва келгусида ҳам барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди. Унга кора, биз барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ҳолдагина бугунги ва келгуси авлодлар учун фаровон келажакни таъминлай оламиз. Саммит қатнашчилари фаолиятига омад ва катта амалий натижалар ёр бўлишини тилайман.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
77860
Жамият
56785
Жамият
56012
Жамият
51065
Жамият
//
Изоҳ йўқ