“Солиқ хизмати фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилади

Сақлаш
11:08 / 20.05.2026 13 0

Ўзбекистонда солиқ тизимини ислоҳ қилишга оид Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, Солиқ олий мактаби ва янги кўкрак нишони ташкил этилади, бир қатор мажбуриятлар бекор қилинади.

 

Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича солиқ ҳисоботи бекор қилинади. Мазкур ерлар бўйича солиқ ваколатли органлар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ идораларининг ўзлари томонидан ҳисоблаб чиқилади.

 

Шунингдек, ипотека имтиёзлари проактив шаклда қўлланади. Жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари автоматик (проактив) тарзда расмийлаштирилади. Имтиёз қўлланиши натижасида юзага келган ортиқча маблағ суммаси фуқаронинг мурожаатига асосан 10 иш куни ичида қайтариб берилади.

 

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан бошлаб йирик тадбиркорлик субъектлари ва банкларни таснифлаш тизими ўзгаради. Унга кўра, аввалги йилнинг 1 июль ҳолатига кўра кетма-кет келадиган охирги 12 ойлик даврда тўлаган солиқлари, йиғимлари, давлат божлари ва солиқ бўлмаган тўловлари ҳажми БҲМнинг 500 минг бараваридан ортиқ бўлган корхоналар ва тижорат банклари ўта йирик солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

 

Соҳада замонавий билимга эга мутахассислар базасини яратиш мақсадида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилади. Мазкур олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланади.

 

Солиқ соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган ҳамда тизим ривожига муносиб ҳисса қўшган шахсларни тақдирлаш мақсадида “Солиқ хизмати фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилиши белгиланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//