Рақобат ва реклама қоидабузарлиги ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилиши мумкин

Сақлаш
15:58 / 20.05.2026 8 0

Энди рақобатга қарши келишувлар ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани ҳақидаги маълумотларни ваколатли органга тақдим этганлар рағбатлантирилиши мумкин. Бу ҳақдаги ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

 

Қайд этилишича, пул мукофотининг миқдори қонунбузарлик учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига келиб тушган жарима суммасининг бюджетга ажратмалардан қолган қолдиқ миқдоридан келиб чиқиб белгиланмоқда. Унга кўра:

 

– рақобатга қарши келишувлар амалга оширилганлиги учун Жамғармага ундирилган маблағнинг 3 фоизи миқдорида, аммо БҲМнинг 100 бараваридан (41,2 млн сўмдан) ортиқ бўлмаган миқдорда;

– реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги учун жамғармага ундирилган маблағнинг 10 фоизи миқдорида, аммо БҲМнинг 10 бараваридан (4 млн 120 минг сўмдан) ортиқ бўлмаган миқдорда пул мукофоти берилиши кутилмоқда.

 

Лойиҳада келтирилишича, бугунги кунда рақобатга қарши келишувларни, тил бириктиришлар ва картель келишувларни аниқлаш мураккаб жараён бўлиб, келишувлар ўзаро оғзаки тарзда амалга оширилганда уни аниқлаш ва расмийлаштириш учун узоқ вақт талаб этмоқда.

 

Шунингдек, қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларини олдини олиш, бартараф этиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фаол шахсларни рағбатлантириш орқали назоратни таъминлаш амалиётини йўлга қўйиш орқали мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш имконини яратиш режалаштирилмоқда.

 

Мазкур амалиёт бозорда адолатли рақобатни таъминлаш учун самарали механизм сифатида баҳоланмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//