ИИВга камера ва радарлар бўйича парламент сўрови юборилди

Сақлаш
11:01 / 29.04.2026 11 0

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисда ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга автомобиль фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ўрганилди.

 

Таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакатда транспорт воситалари сонининг ортиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантирган. Шу боис йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш тизимларини кенгайтириш ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича қатор чоралар кўрилган.

 

“Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун ва президентнинг бир қатор қарорлари асосида автомобиль йўлларида тезликка риоя этилишини радарлар, стационар ва кўчма махсус техника воситалари орқали назорат қилиш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб қўйилган.

 

Депутатларнинг айтишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва назорат тизимини самарали ташкил этиш мақсадида йўлларга замонавий камералар ҳамда радарлар ўрнатилмоқда. Улар қоидабузарликларни камайтириш, авариялар сонини қисқартириш ва соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим восита сифатида кўрилмоқда.

 

Шу билан бирга, депутатларнинг сайлов округларида фуқаролар билан учрашувлари давомида фото-видео қайд этиш воситалари ва кўчма фоторадарлар фаолияти юзасидан қатор эътирозлар ҳам билдирилган. Хусусан, тезлик кескин ўзгарадиган йўл қисмларида огоҳлантирувчи белгилар етарли даражада кўринмаслиги, радарлар жойлашуви ҳайдовчилар учун ноқулай ташкил этилгани ва бу ҳолат асоссиз жарималарга сабаб бўлаётгани қайд этилган.

 

Бундан ташқари, фото-видео қайд этиш тизимида маълумотларни қайта ишлаш жараёнида техник хатолар туфайли жарималар нотўғри ҳисобланаётгани, айрим ҳайдовчиларга асоссиз равишда маъмурий жазо чоралари қўлланаётгани таъкидланган. Депутатлар йўлларнинг айрим қисмларида асфальт сифати талабга жавоб бермаслиги, йўл чизиқлари кўринмаслиги ёки нотўғри чизилгани ҳам қоидабузарликларга сабаб бўлаётганини билдирган.

 

Пиёдалар йўлакларида светофорлар етишмаслиги ҳам фуқаролар эътирозига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Мажлисда эслатилишича, президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

 

Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси Ички ишлар вазирига “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижроси, йўл инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, радар ва камералар самарадорлиги таҳлили, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш юзасидан парламент сўрови юборди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//