«Ҳоким гуллар билан бориб, устозлардан узр сўраган» – вазир

Сақлаш
13:57 / 23.04.2026 9 0

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ўқитувчиларни изза қилган ҳолатга муносабат билдирди. У бу ҳақда 21 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида гапирган.

 

Март ойида Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев 9-мактабда ёшлар билан учрашув ўтказган. Унда ўқувчилар ҳаяжон туфайли ҳокимнинг саволларига жавоб бера олмагач, ҳоким мактабнинг 46 нафар ўқитувчисини соат 17:00 да ҳокимликка олиб келишни буюрган.

 

Ўқитувчилар 30 км йўл босиб келган ва ҳокимлик биносида тик оёқда туриб ҳокимнинг танбеҳларини эшитган.

 

Вазирнинг сўзларига кўра, ўшанда ўқувчилар ҳокимни икки соат кутган ва чарчаб қолган, шу сабабли ҳоким билан учрашувда фаол бўлмаган.

 

«Ҳоким эса ўқувчилар фаол бўлмади, деб устозларини айблаган. Устозларимизни автобусга миндириб, туман ҳокимлиги биносига олиб бориб, у ерда ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олиш ҳолатлари ҳам бўлган», – дейди Эъзоза Каримова.

 

Унинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан Навоий вилояти ҳокимлигига хизмат текшируви ўтказиш бўйича алоҳида хат чиқарилган. Икки кун ўтгач туман ҳокими ўз хатосини тан олиб, 9-мактабга борган ва жамоадан узр сўраган.

 

«Ҳоким гуллар билан бориб, устозларни йиғиб, ўз узрини айтган ва уларга ташаккурномалар берган. Биз бу ҳолатни назоратга олганмиз ва бу йўналишда вазирликнинг позицияси қатъий. Сабаби устозларимизнинг шаънини, устозларимизнинг ғурурини биз ҳар доим ҳимоя қилиб келамиз», дея қўшимча қилган вазирлик раҳбари.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//