Жамият
“Боболар изидан” лойиҳаси илк бор 2024 йил 5 июль куни Олтой томон йўл олган илмий-ижодий сафар билан бошланган. Унда тадбиркор ва экспедиция ҳомийси Ғафур Ғафуров, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Бўронов, тарих фанлари бўйича фалсафа докторлари Баҳром Ирзаев, Бекзод Абдиримов, “Тил ва адабиёт таълими” журнали бош муҳаррири Фаррух Жабборов, рассом Эркин Орол, журналист Сафарали Қурбонов, оператор Нозим Толипов, ёзувчи Жавлон Жовлиев ҳамда шоирлар – Элёр Мурод, Нажмиддин Туронлар иштирок этган.

Туркий ўзликни ёдга олиш мақсадида йўлга чиққан экспедиция аъзолари Олтой тоғларига қадар 4 000 километрлик йўлни автомобильда босиб ўтишган. Ўзбекистон тупроқларидан бошланган сафар давомида Қозоғистоннинг Чимкент, Тараз, Олмота, Семей шаҳарларидан, Олтой ва Хакасия ҳудудларигача чўзилган туркий ҳудудларда қадим туркий меросни ўрганиш бўйича илмий ва ижодий изланишлар олиб борилди.

2025 йили Сардор Боисов ҳомийлигида Озарбойжонга йўл олган ўзбек зиёлилари Боку, Шаки, Ағдаш ва Ганжа шаҳарларида ҳам муҳим илмий-ижодий натижаларга эришди. Сафар Бокудаги буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали зиёратидан бошланиб, Озарбойжон Миллий Илмлар Академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Боку Славян университети каби нуфузли илмий ва маданий муассасаларда учрашувлар тарзида давом этган.
Куни кеча ушбу экспедициялар давомида тўпланган илмий кузатувлар, таҳлиллар, сафар таассуротлари, фотоматериаллар асосида тайёрланган “Боболар изидан Олтойга” ва “Боболар изидан Озарбойжонга” китоб-альбомларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим ва Хуршид Давроннинг туркий бирликнинг зарурати, экспедиция ва нашрларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақидаги маърузалари билан бошланди.
Тақдимотда таъкидланишича, “Боболар изидан” лойиҳаси миллат зиёлиларининг шахсий ташаббуси бўлиб, унга ўзбек тадбиркорлари кўнгилли равишда ҳомийлик қилган. Яъни “Боболар изидан” – миллат зиёлилари ва миллат бойларининг илк катта миллий, илмий-ижодий лойиҳаси ҳисобланади. Тадбирда сўзга чиққан экспедиция аъзоларининг ҳар бири сафар давомида ёзилган, ҳис қилинган таассуротлари билан бўлишаркан, лойиҳа ўзбек халқининг қадим тарихини, ўзлигини ёдга олиш, туркий бирликни мустаҳкамлаш учун қилинганини таъкидлашди. Хусусан, тарихчи Баҳром Ирзаев китоб-албомларни чоп этиш фикрининг пайдо бўлиши ҳақда шундай деди:

- Бундан юз йил аввал Саид Носир Миржалилнинг ҳомийлигида бир гуруҳ ёшлар “Армуғон” номли журнал нашр қилган. Асарлар, материаллар бўлса-да, журналнинг иккинчи сони чиқмаган, аниқроғи, бунга замон йўл бермаган. Кейинроқ, Берлинда ёшларнинг орзулари, фикр-мулоҳазалари ёритилган яна бир журнал – “Кўмак” чоп этилди. Бироқ, унинг ҳам иккинчи сони чиқишига йўл қўйишмади. Муаллифлар бироздан кейин, замон имкон берганда давом этамиз, деб орзу қилишди, аммо бу ҳам амалга ошмади. Бизга шундай имкон насиб қилдики, бир вақтда журналимизнинг икки сонини нашр қилолдик. Ва маълум маънода боболаримизнинг орзусини амалга оширдик. Уларда мана шу йиллардаги ҳиссиётлар, орзуларни ифодаловчи наср, назмда яратилган асарлар, мақолалар, суратлар жо бўлган. Балки бир неча йиллардан кейин ислоҳотларимиз яна-да кенгайиб, баландлаб, бу ўйларнинг аҳамияти пасаяр, аммо айни замоннинг руҳи уларда сақланиб қолиши керак, деб ҳисобладик. Тўғри, биз тарихимизга кўп юзланамиз, лекин бу журналлар билан яна бир гапни айтишни истадик: Бугун ҳам орамизда Чўлпон, Қодирий, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Беҳзодлар бор – ўқинг, яхшилаб ўқинг уларнинг ёзганларини, ёнингизга қаранг, улар бор... Орамизда миллати учун сарфлайдиган сахийлар бор. Биз ундайлар ўтиб кетди, дердик, лекин улар бор экан ва биз лойиҳа давомида шунга гувоҳ бўлдик. ...Биз учун энг қадрли жой бор, бу – Ватан. Биз учун энг яхши минбар бор, бу – кўзларига қараб гапира оладиган, бизни тушуна оладиган миллатимиз!.. Биз шу учун йўлда давом этамиз.

Тақдимот давомида санъаткорлар томонидан “Гўзал Туркистон”, “Бийигул” қўшиқлари ижро қилинди, маъруза ва шеърлар тингланди. Якунда эса экспедиция аъзолари – Эркин Орол ва Масъуд Холов асарлари кимошди савдосига қўйилди. Унда Масъуд Холовнинг тадбир давомида чизилган “Шайбонийхон” асари 15 миллион сўмга сотиб олинди.
.jpg)
Иккинчи асар – Эркин Оролнинг сурати эса тадбир ташкилотчилари томонидан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага “Боболар изидан” лойиҳасидан эсдалик сифатида совға қилинди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
77797
Жамият
56743
Жамият
55968
Жамият
51034
Жамият
//
Изоҳ йўқ