«Ер майдони қурилиш ишлари учун эмас» – Фанлар академияси захирага ўтказилган ер бўйича муносабат билдирди

Сақлаш
17:56 / 13.04.2026 9 0

Фанлар академияси томонидан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги ер майдонларининг ҳокимлик захирасига ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда турли хил талқинлар ва асосланмаган хабарлар тарқалмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг маълум қилишича, «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармонининг (2026 йилнинг 25 мартида қабул қилинган) 21-бандининг «а» кичик қисмига асосан, пойтахтнинг экологик ҳолатини тубдан яхшилаш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва унга туташ бўлган жами 250 гектар майдонда замонавий Дендрология боғи барпо этилади.

 

Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ер участкалари белгиланган тартибда захирага қайтарилиб, Экология қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади. Экология қўмитаси ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос дарахт ва буталар турларини танлаб, тегишли лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади. Мазкур лойиҳа асосида ҳудудда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

 

Таъкидланишича, ушбу ер майдони қурилиш ишлари учун эмас, балки шаҳар аҳолиси ва келажак авлод манфаатларига хизмат қиладиган, атмосфера ҳавосини тозалашга қаратилган йирик яшил массив — дендропарк ташкил этиш мақсадида ажратилмоқда.

 

Фанлар академияси жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бу экологик аҳамиятга эга лойиҳани нотўғри талқин қилмасликларини, аҳоли ўртасида асоссиз хавотирлар келиб чиқишига йўл қўймасликларини сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//