Тошкент шаҳридаги уй-жой нархларига нималар таъсир қилади?

Сақлаш
11:27 / 13.04.2026 10 0

Марказий банк «Кўчмас мулк бозори шарҳи»нинг 2025-йил 4-чорак якунига оид шарҳида Тошкент шаҳри бўйича гедоник таҳлил натижаларини эълон қилди.  
 


Таҳлилда жойлашув, майдон, қават, қурилиш материали ва таъмир ҳолати каби омиллар нархга қандай таъсир қилиши ўрганилди.


Туманлар кесимида нарх фарқи


Шартли уйнинг базавий жойлашиш ҳудуди сифатида Олмазор тумани танланди. Бир хил хусусиятга эга уй Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашиши унинг нархини 2025 йилда 23,7 фоизга қиммат бўлишига хизмат қилган бўлса, Бектемир туманида жойлашгани 24,4 фоизга арзонроқ бўлишига олиб келган. Шунингдек, 2022-23 йилларда Олмазор туманига ёндош Юнусобод туманида бир хил хусусиятли уйнинг нархи катта фарқ қилмаган бўлса (0-3,5 фоиз), 2025 йилга келиб нарх тафовути деярли 10 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, Юнусобод туманидаги уй-жойларга талаб ўзгаргани билан изоҳланиши мумкин. 

 

Қурилиш материали ва таъмир ҳолати


Панел уйлар таққослашда асосий тоифа сифатида олинган. Ғиштдан қурилган уйлар барча йилларда 3–6 фоиз қимматроқ баҳоланган. Монолит уйлар нархи ҳам сўнгги йилларда панел уйларга нисбатан ошиб бормоқда.

'

Таъмир ҳолати ҳам сезиларли рол ўйнайди: 2024 йилда янги таъмирланган хонадонлар ўртача таъмирдаги уйларга нисбатан 7–8 фоиз қимматроқ сотилган.

 

Бирламчи ва иккиламчи бозор


2022 йилда янги бинолардаги уйлар иккиламчи бозорга нисбатан 3–6 фоиз арзонроқ эди. 2025 йилда эса вазият ўзгарди — бирламчи бозордаги уйлар иккиламчи бозордагига нисбатан 3 фоизга қимматроқ баҳоланмоқда.

 

Майдон ва қават


Майдон ҳар 1 бирликка ошганда нарх 0,1 фоизга пасайиши кузатилган. Ҳар бир қўшимча қават эса уй нархини 0,2–0,9 фоизга камайтиради. Шунингдек, биринчи ва охирги қаватдаги хонадонлар оралиқ қаватдагиларга нисбатан арзонроқ баҳоланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//