Амир Темир таваллудига бағишлаб тилла ва кумуш тангалар сотувга чиқарилди

Сақлаш
12:26 / 10.04.2026 21 0

Амир Темур таваллудининг 690-йиллиги муносабати билан махсус эсдалик тангалар муомалага чиқарилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

 

Қайд қилинишича, эсдалик тангалари 31,1 грамм оғирликдаги соф олтин ва кумушдан тайёрланган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ни ташкил этади. Ҳар бир танга техник хусусиятларини тасдиқловчи махсус сертификат билан сотувга чиқарилади.

 

Эсдалик тангаларнинг олд томонида Амир Темур портрети, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Соҳибқирон ҳайкаллари, шунингдек Оқсарой ва Амир Темур мақбараси тасвирланган. Танга ҳошиясида “АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 690 ЙИЛЛИГИ” ёзуви ҳамда Соҳибқирон яшаган йиллар — 1336–1405 санаси келтирилган.

 

 

Тангаларнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, номинал қиймати — 100 000 сўм, шунингдек "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ" ёзуви акс эттирилган. Пастки қисмида тангалар зарб этилган йил — 2026-йил кўрсатилган. Шу билан бирга, танганинг чап қисмида металл турини англатувчи АУ (олтин) ёки АГ (кумуш) белгиси, ўнг томонида эса унинг оғирлиги — 31,1 грамм кўрсатилган.

 

Шу билан бирга, тангаларнинг айрим намунасида Амир Темур портрети билан бирга Оқсарой ва Амир Темур мақбараси тасвирлари жойлаштирилган бўлиб, орқа томонида “Темур тузуклари”дан ҳикматли сўзлар келтирилган. Танга ҳошиясида “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ” ёзуви ва пастки қисмида Амир Темур байроғидаги уч ҳалқа белгиси акс эттирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//