“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий танлови ўтказилади

Сақлаш
09:44 / 10.04.2026 10 0

Ҳукуматнинг 2026 йил 8 апрелдаги қарори билан “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тасдиқланди. Қайд этилишича, бу орқали ёшлар ўртасида касбий кўникмалар ривожлантирилади ва иқтидорларни қўллаб-қувватланади.

 

Низомга кўра, 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, талабалар, ёшлар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун мазкур танлов ўтказилади. Иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳар йили 1 мартга қадар электрон платформа орқали амалга оширилади.

 

Танлов уч босқичда ташкил этилади:

 

– 1-босқичда маҳаллалардан ҳар бир касб йўналиши бўйича 3 нафардан номзод сараланади;

– 2-босқичда техникум ўқувчилари ҳамда биринчи босқич ғолиблари иштирок этади;

– 3-босқичда иккинчи босқичда юқори натижа кўрсатган иштирокчилар беллашади.

 

Танлов тегишли касб йўналишлари бўйича зарур моддий-техник базага эга техникумлар, корхоналар, ташкилотлар ҳамда ИТ-парклар ва махсус полигонларда ўтказилади.

 

Танловнинг якуний — учинчи босқич ғолиблари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

 

– 1-ўрин соҳибига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари

– 2-ўрин соҳибига — 15 баравари

– 3-ўрин соҳибига — 10 баравари

 

Шунингдек, ғолибларнинг амалиёт устозлари ҳам алоҳида рағбатлантирилади. 3-босқич ғолибларига WorldSkills International томонидан ўтказиладиган “WorldSkills” халқаро чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//