Пойтахтда охирги 3 ойда ичида автобусда йўл ҳақини тўламаган 30 мингдан ортиқ киши жаримага тортилди

Сақлаш
14:23 / 09.04.2026 19 0

Январь март ойларида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаганларга нисбатан 32 мингдан ортиқ баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси хабар берди.

 

Маълум қилинишича, инспекция ходимлари «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси билан ҳамкорликда автобусларда рейд тадбирларини ўтказмоқда. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида 32 450 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

 

Қайд этилишича, тўлов тизими ва инспекторлар фаолияти рақамлаштирилган.

 

Хусусан, айрим автобус йўналишларида кучайтирилган назорат жорий қилинган. 2026 йил бошидан буён 28 та йўналишда шундай текширувлар ўтказилгани, натижада транзакциялар сони ошгани айтилмоқда.

 

Инспекция йўловчиларни жамоат транспортидан фойдаланишда белгиланган қоидаларга риоя қилиш ва йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақирди.

 

Эслатиб ўтамиз, январь ойида 11 502, февралда эса 10 280 йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун жаримага тортилган эди.

 

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (Чиптасиз юриш)га кўра, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчига БҲМнинг 1/10 қисми (41 200 сўм) миқдорида жарима белгиланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//