Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилади

Сақлаш
21:13 / 03.04.2026 9 0

Шавкат Мирзиёев тўловга қобилиятсизлик институтини такомиллаштириш ва молиявий аҳволи оғир тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш бўйича янги ёндашувлар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилинди.

 

Қайд этилишича, янги тузилма соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, тегишли идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда банкротлик омилларини таҳлил қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, агентлик молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни соғломлаштириш ва уларни қайта тиклаш чораларини кўришда иштирок этади.

 

 

Тақдимотда мавжуд тизимдаги муаммолар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, тўловга қобилиятсизлик таомиллари етарли даражада ишламаётгани, кўплаб корхоналар фаолиятини тиклаш ўрнига тугатилаётгани қайд этилди.

 

Шунингдек, фаолият кўрсатмаётган ва фаолияти тугатилган кичик корхоналар сонининг ўсиш тенденцияси кузатилаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу ҳолат амалдаги тизим корхонани сақлаб қолиш ва қайта тиклашга эмас, кўпроқ унинг фаолиятини расмий тугатишга қаратилганидан далолат бераётгани қайд этилди.

 

Аввало, тўловга қобилиятсизлик таомиллари етарли даражада қўлланилмаяпти. Молиявий аҳволи оғирлашган 93 мингта тадбиркорнинг атиги 10 мингтаси бўйича тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган. Судгача ва суд санацияси тизими амалда самарали ишламаяпти, сўнгги беш йилда атиги 68 та корхонага санация таомили қўлланилган, шундан ҳам фақатгина 7 тасининг фаолияти тикланган.

 

Суд бошқарувчилари фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. Қатор ҳолатларда иш юритиш муддатлари бузилгани, асоссиз хулосалар берилгани, сохта банкротлик аломатларини ўз вақтида ўрганиш механизми етарли эмаслиги қайд этилди. Суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш тизимидаги бўшлиқлар малакали мутахассисларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётгани, айрим ҳолатларда эса ишларни сунъий чўзишга сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.

 

Шу муносабат билан соҳада институционал ислоҳотларни кучайтириш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//