«Ўзбек киносини ислоҳ қилиш вақти келди». Кинорежиссёр Рашид Маликов Гаяне Умеровага очиқ мактуб йўллади

Сақлаш
13:05 / 24.03.2026 15 0

Таниқли кинорежиссёр, «Дўстлик» ордени соҳиби Рашид Маликов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари – Республика креатив иқтисодиётни ривожлантириш кенгаши раиси Гаяне Умерова номига очиқ мактуб йўллади.

 

Мактубда миллий кинематографияда чуқур инқироз мавжудлиги таъкидланган.

 

Маликов мактубида ўзбек киноси санъат асари даражасидаги фильмларни ишлаб чиқармаётганини, миллий фильмлар олий тоифали халқаро кинофестивалларда иштирок этмаётганини ёзган. Шунингдек, режиссёрга кўра, «Томошабинлар бу фильмларга бормайди, давлат томонидан молиялаштирилган барча фильмлар зарар билан якунланмоқда – улар сарфланган харажатларнинг ҳатто кичик қисмини ҳам қопламайди».

 

Режиссёрнинг фикрича, бунинг асосий сабаби «Ўзбеккино раҳбариятининг малакасизлиги ва таниш-билишликдир».

 

«Сохта питчинг тизими орқали кино ишлаб чиқариш буюртмалари чекланган доирадаги яқин шахсларга берилади, мавзулар эса идора раҳбариятининг ўз қарашларидан келиб чиқиб белгиланади. Натижада рангсиз, шахсиятсиз, жанр жиҳатидан ноаниқ фильмлар юзага келмоқда, улар оддий томошабин учун ҳам, нуфузли кинофестиваллар учун ҳам қизиқ эмас», – дейди режиссёр.

Маликовга кўра, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ижодкорлари жаҳон кинофестивалларида салмоқли иштирок этади ва уларда кино ишлаб чиқариш креатив иқтисодиётнинг юқори даромадли соҳасига айланган.

 

Режиссёр Гаяне Умеровага мурожаат қилар экан, ўзбек киносини ислоҳ қилиш вақти келганини ва бу жараёнга шахсан аралашишини сўрайди.

 

Ҳозирча ушбу очиқ мактубга нисбатан бирор расмий муносабат билдирилмади.

 

Маълумот учун: Рашид Маликов ўзбек томошабинлари орасида «Чинор остидаги дуэль», «Келинлар қўзғолони» фильмларидаги актёрлик, «Тоға», «Сабот» фильмларида эса режиссёрлик иши билан танилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//