1-мартдан нималар ўзгарaди?

Сақлаш
20:07 / 27.02.2026 11 0

Бугун 2026-йил 1-мартдан бошлаб нималар ўзгариши ва Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслаб ўтамиз.

 

– “Меҳрли оила” хизмати тизими ишга тушади – ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ёрдам берилади;

 

– 1 мартдан Ўзбекистонда ов мавсуми ёпилади;

 

– нотариусларга янги ҳужжат ёзиш тартиблари жорий қилинади;

 

– сунъий ёмғир лойиҳалари пилот режимида бошланади;

 

– давлат органларига ишга қабул тартиби янгиланади;

 

– энди давлат хизматлари бўш лавозимлари vacancy.gov.uz орқали эълон қилинади;

 

– “маҳалла еттилиги” хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилиши таъминланади;     

 

– Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан бошқарувчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштиришда тегишли бош муҳандисни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;      

 

– кўп квартирали уйларнинг техник кўрсаткичлари, ҳолати, туташ ер участкалари, электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви истеъмоли, инфратузилмасини яхшилаш учун ажратилган ва сарфланган маблағларнинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берувчи “Менинг уйим” АБТда “Тураржой” ахборот бўлими ишга туширилади;   

 

– республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотини ташкил қилишнинг янги тартиби жорий этилади

 

– ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимидан воз кечган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва кенг аҳоли қатламига тушунтириш ишларини "Ижро.гов.уз" идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими орқали назорат қилиш тартиби йўлга қўйилади

 

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш учун ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади

 

– CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва Б1 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади;    

 

– республика тиббиёт марказлари мутахассислари ҳамда хорижий экспертлардан иборат таркибда ўткир юрак-қон томир ва тсереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади;      

 

– давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль ишга туширилади;    

 

– товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобламаслик амалиёти жорий этилади;

 

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан биологик фаол моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқариш учун рухсатнома бериш жараёнида интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилгани Интеллектуал мулк портали орқали мажбурий равишда текширилади ва (ёки) ўрганилади. Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига доир муҳофаза ҳужжатлари (гувоҳнома, патент) дубликатини тўлов асосида онлайн шаклда бериш тартиби жорий этилади;

 

– айрим архив хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилади;

 

– йилига икки маротаба энг яхши сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этган вазирлик ва идоралар ўртасида “Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа” танлови ўтказилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

20:07 / 27.02.2026 0 12
1-мартдан нималар ўзгарaди?

//