Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили бўйича бакалавриат босқичи очилади

Сақлаш
13:43 / 25.02.2026 13 0

Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили бўйича бакалавриат босқичи очилади

 

Жамият

13:13 / 25.02.2026140

0

0

 

Деҳлида жойлашган Жамия миллия исломия марказий университети (ЖМИ) янги ўқув йилидан бошлаб ўзбекшунослик бўйича тўрт йиллик бакалавриат дастурини ишга туширишини маълум қилди.

 

Хабар берилишича, ЖМИ 1920-йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда гуманитар ва табиий фанлар, муҳандислик, ҳуқуқ, меъморчилик ва стоматология каби йўналишларда минглаб талабалар таҳсил олади.

 

Университет миллий рейтинг тизими — NIRF талқинига кўра мамлакатнинг энг яхши олий ўқув юртлари қаторида барқарор ўрин эгаллаб келаётгани, QS World University Rankings халқаро рейтингида ҳам Жанубий Осиёдаги етакчи таълим марказлари қаторидан жой олгани таъкидланди.

 

Ушбу янги бакалавриат дастури университетда ўзбек тилини оммалаштириш бўйича кўп йиллик ишлар мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда. 2004-йилдан буён Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида ЖМИ’да ўзбек тили курслари фаолият юритиб келаётгани, шу даврда юзлаб ҳинд ёшлари мазкур курсларни тамомлаб, олинган билимларни туризм, бизнес, дипломатия ва илмий тадқиқотлар соҳаларида қўллаётгани қайд этилди.

 

Ҳозиргача университетда ўзбек тили бўйича бир йиллик сертификат ва диплом дастурлари мавжуд бўлган, бакалавриат босқичида эса ўзбек тили қўшимча фан сифатида ўргатилган. Тўлиқ тўрт йиллик бакалавриат дастурининг очилиши эса таълим жараёнини янада тизимли ва чуқур даражага олиб чиқиши, келажакда шарқшунос олимлар, таржимонлар ҳамда амалиётчи мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Шунингдек, ЖМИ бакалавриат даражасида ўзбекшунослик бўйича комплекс дастурни таклиф этган Ҳиндистондаги биринчи университетга айланиши билдирилди. Янги ўқув йили учун қабул ҳақидаги эълон университет сайтида эълон қилинган.

 

Дастур доирасида ўзбек тилини чуқур ўрганиш, мумтоз ва замонавий адабиёт, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий анъаналарини таҳлил қилиш назарда тутилган. Университетнинг икки ўқув биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталиши ҳам қайд этилди.

 

Битирувчилари келгусида Тошкент ва Деҳли ўртасидаги маданий ҳамда иқтисодий мулоқотда муҳим воситачи кадрлар сифатида шаклланиши кутилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//