Болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича депутат вазирга сўров юборди

Сақлаш
12:43 / 25.02.2026 12 0

Жорий йил 21-февраль куни Фарғона шаҳридаги 3 та давлат таълим ташкилотида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берган эди. Ҳолат кенг жамоатчилик орасида турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Депутат Қизилгул Қосимова ушбу долзарб масалада Мактабгача ва мактаб таълими вазирига депутат сўрови юборди.

 

Сўнгги пайтларда турли ҳудудларида бундай кўнгилсиз воқеалар такрорланаётгани фуқаролар, айниқса, ота-оналар, Халқ демократик партияси вакилларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.

 

Шу юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова ҳолат бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовага депутат сўрови юборди.

 

“Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 6-январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1-сон қарорига мувофиқ, Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштиришга масъул этиб белгиланган.

 

Бироқ белгиланган тизим амалиётда қатъий ва самарали ишламаётганини кўрсатмоқда, натижада эса кўплаб болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юз бермоқда”, дейилади партия расмий саҳифасида.

 

Юқоридаги ҳолатлар бўйича депутат вазирликка бир нечта саволларни келтириб ўтди. Тадбиркорлик субъектлари билан белгиланган тартибда шартномалар тузилиши ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилиши қай даражада таъминлангани ҳақида ҳам жавоблар кутилмоқда.

 

Фарғона вилоятида хизмат кўрсатиши келтирилаётган “Garden Catering Trade” МЧЖ фаолияти ҳақида ҳамда соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бўйича ҳам қатор саволлар қайд этилган.

 

“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, вазир сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши лозим.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//